Бухорода француз санъати нафаси: “Прованс ва импрессионизм нурида” кўргазмаси очилди
2026-10-03 16:20:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук, кўргазма муаллифи Диана Хамзина, санъат ва маданият намояндалари, ижодкорлар, сайёҳлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов барча иштирокчиларни Франция маданияти кунларининг бошланиши ва мазкур кўргазманинг очилиши билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик икки халқни янада яқинлаштириб, мамлакатларнинг бой тарихий ва маънавий меросини ўзаро намоён этиш учун кенг имконият яратмоқда.
Бугунги маданий тадбир ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида қайд этилди.
“Прованс ва импрессионизм нурида” кўргазмасида Франциянинг жанубида жойлашган Прованс минтақасининг ўзига хос табиати, ёруғлиги ва ранглари, шунингдек, импрессионизм санъатига хос бўлган лаҳза, кайфият ва инсон ҳис-туйғуларини ранглар орқали ифодалаш анъаналари ўз аксини топган.
Кўргазманинг Бухоронинг тарихий муҳитида — Ситораи Моҳи-Хоса саройида ташкил этилгани тадбирга алоҳида мазмун ва рамзий аҳамият бағишлади. Зеро, асрлар давомида Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келган Бухоро бугун ҳам турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот майдони сифатида ўзининг тарихий миссиясини давом эттирмоқда.
Тадбирда Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. У икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришда санъат ва маданият тадбирларининг муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Элчи мазкур кўргазманинг Бухорода, унинг бой тарихий ва маданий муҳитида ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, француз санъатини Бухоро аҳли ва меҳмонларига яқиндан таништириш имкони яратилганини эътироф этди.
Кўргазма муаллифи Диана Хамзина эса ўз ижодий изланишлари, Прованс табиати ва импрессионизм эстетикасининг унинг асарларидаги ўрни ҳақида фикр билдирди. Ушбу кўргазма орқали француз маданиятининг нафис жиҳатларини Бухоро муҳитида намоён этиш, санъат ихлосмандлари билан ижодий мулоқот қилиш ва икки маданият ўртасидаги муштаракликларни очиб бериш имконияти яратилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, санъат инсонларни бирлаштирувчи, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳурматни мустаҳкамловчи муҳим воситалардан биридир. Шу маънода мазкур кўргазма француз санъатининг нафис жиҳатларини Бухоро аҳли ва шаҳар меҳмонларига яқиндан таништириш билан бирга, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида иштирокчилар “Прованс ва импрессионизм нурида” кўргазмасида намойиш этилган асарлар билан яқиндан танишдилар. Улар асарларда акс этган Прованс табиати, унинг бетакрор манзаралари, ранглар уйғунлиги ва импрессионизмга хос бадиий ифода воситаларига алоҳида қизиқиш билдирдилар. Кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, санъат ва маданият соҳасидаги ўзаро мулоқот учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.
Шунингдек, Франция маданияти кунлари доирасида Бухорода ўтказилаётган мазкур тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, ижодкорлар ўртасида тажриба алмашинувини ривожлантириш ҳамда Бухоро аҳолиси ва меҳмонларини француз санъати билан яқиндан таништиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчиларга Франция маданияти кунлари доирасидаги бошқа маданий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиш таклиф этилди.
Кўргазманинг Бухорода намойиш этилиши нафосат, тарих ва маданият уйғунлигини намоён этган муҳим маданий воқеалардан бири бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







