“Жаҳолатга қарши—маърифат билан курашамиз!”
2026-10-02 19:20:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбирда ҳамкор ташкилотлардан Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси У. Қурбонов, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи ўринбосари М.Сафоева, вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бошқармаси масъул ходими, лейтенант С. Саъдуллаева ва олий таълим даргоҳлари раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар фаол иштирок этишди.
Очиқ мулоқот давомида бугунги глобаллашув даврида ёшларни турли экстремистик ва радикал оқимлар таъсиридан асрашда маърифатнинг ўрни, инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ёшлар онгини ижобий ғоялар билан бойитиш масалалари кенг ёритилди.
Шунингдек, университет ва институт ректорлари маслаҳатчилари, ёшлар билан ишлаш ва маънавият масалалари бўйича биринчи проректорлари ҳам сўзга чиқиб, талаба-ёшларга бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаш зарурлиги ҳақида таъсирчан маърузалар қилишди. Бу тадбирларда “Тинчлик — энг олий неъмат” мавзусида маъруза қилинди. Унда тинчлик ва осойишталикнинг инсон ҳаёти, жамият тараққиёти ҳамда ёшлар келажагидаги беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, уни асраб-авайлаш ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқотларда ёшларни турли таҳдидлардан огоҳ бўлишга, ахборот маконидан тўғри ва оқилона фойдаланишга, ҳуқуқий ва маънавий билимларини оширишга чақирилди. Жаҳолат ва маърифат ўртасидаги фарқ, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам маънавий қадриятларни шакллантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Самимий руҳда ўтган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олдилар. Мазкур очиқ мулоқотлар талаба-ёшларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш ва энг муҳими — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини яна бир бор намоён этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









