Бухорода устоз ва мураббийларга давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари топширилди
2026-09-30 17:25:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, таълим тизими ходимлари, устоз ва мураббийлар, соҳа фахрийлари ҳамда давлат мукофотларига сазовор бўлганлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барча устоз ва мураббийларни яқинлашиб келаётган қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди.
— Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган, — деди вилоят ҳокими.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши, фан ва техника, маданият ва санъат, спорт каби соҳаларда катта марраларни забт этаётгани замирида фидойи устоз ва мураббийларнинг беқиёс меҳнати мужассам.
Шу боис, устозларга билдирилаётган ҳар қандай миннатдорчилик уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати олдида камлик қилади.
Тадбирда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ва мақомини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “муаллимнинг обрў-эътибори — бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир”. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги 2 791 та таълим даргоҳида 53 158 нафардан ортиқ педагог-ходим фаолият олиб бормоқда.
Кейинги йилларда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ва қулай таълим шароитларини яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 236 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун жами 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Бундай кенг кўламли ишлар ўз самарасини бериб, бухоролик ўқувчи-ёшлар халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли билим ва спорт мусобақалари, санъат фестиваллари ҳамда танловларда муносиб натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилда вилоятимиз вакиллари халқаро ва республика фан олимпиадаларида 33 та совринли ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, ушбу ўқув йилида ўтказилган тест синовларида иштирок этган вилоят битирувчилари ўртача 110,8 балл тўплаб, республикадаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди.
Бу натижалар, аввало, ўқувчиларнинг билими ва интилиши билан бир қаторда, уларни тайёрлаган устозларнинг меҳнати, тажрибаси ва тинимсиз изланишларининг самарасидир.
Зеро, устознинг меҳнати биргина олимпиада натижаси, битирувчининг тўплаган бали ёки қўлга киритилган медаль билан ўлчанмайди. Ҳаётдаги ҳар бир муваффақиятли қадам, ҳар бир ютуқ ва эзгу натижа замирида устознинг машаққатли меҳнати, сабр-тоқати ва меҳри бор.
Тадбирда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мақоми сўнгги йилларда тубдан юксалаётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, бундан ўн йиллар аввал ўқитувчилар ва давлат ташкилотлари ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб этилгани, ҳатто 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунида ҳам айрим ҳолларда байрам тадбирларидан сўнг уларнинг пахта далаларига йўналтирилгани ёдга олинди.
Бугун эса ўқитувчи ва мураббийнинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий нуфузини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Яқинда Президент фармонига мувофиқ таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимларнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳам бунинг яққол ифодасидир.
Фахр билан таъкидлаш жоизки, мазкур Фармонга мувофиқ Бухоро вилоятининг 6 нафар вакили ҳам давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Шунингдек, кўплаб фидойи устозлар кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Тантанали маросимда давлат мукофотларига сазовор бўлган устоз ва мураббийларнинг номлари эълон қилиниб, уларга юксак мукофотлар ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Мукофотланганларга гуллар тақдим этилди.
Тақдирланган устозлар ўзларига кўрсатилган юксак эътибор ва ишонч учун миннатдорлик билдириб, ёш авлодга сифатли таълим ва муносиб тарбия бериш, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида бундан буён ҳам сидқидилдан меҳнат қилишларини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбирда таълим-тарбия соҳасида кўп йиллик самарали меҳнати, фидойилиги ва касбига садоқати билан алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар ҳам муносиб тақдирланди.
Уларга «Халқ таълими фидойиси», «Халқ таълими аълочиси», «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» ҳамда «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Мазкур эътироф устоз ва мураббийларнинг таълим-тарбия соҳаси ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси, ёш авлодга сифатли билим ва тарбия бериш йўлидаги фидокорона меҳнатининг муносиб баҳоси бўлди.
Тадбирда сўз олган устозлар давлат томонидан ўқитувчи ва мураббийларга қаратилаётган эътибор уларни янада катта масъулият билан ишлашга ундаётганини қайд этдилар.
Тантанали маросим сўнгида вилоят ҳокими Ботир Зарипов барча устоз ва мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор самимий муборакбод этди.
Уларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, касбий фаолиятларида улкан муваффақиятлар, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади.
Зеро, устоз бор экан — илм бор, маърифат бор, тараққиёт бор. Устозга эҳтиром эса миллат келажагига эҳтиромдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









