Ғиждувон: асрга тенгдош мактаб — юзлаб тақдирлар учун камолот бешиги
2026-09-29 19:45:00 / Янгиликлар

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ғиждувон туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонламоқда.
Бир вақтлар Садриддин Айний номи билан аталган ушбу таълим даргоҳи бир аср давомида юзлаб, минглаб ёшларга сабоқ бериб, уларнинг билим олиши, касб танлаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва жамиятга муносиб инсон бўлиб камол топишида муҳим пойдевор вазифасини бажариб келди.
Бу мактаб учун 100 йиллик сана — оддий юбилей эмас. Бу бир аср давомида таълим ва тарбиядек шарафли вазифани зиммасига олган устозларнинг фидокорона меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Мактаб тарихи 1925 йилда Соктари қишлоғида ташкил этилган янги усулдаги таълим масканига бориб тақалади.
Унинг ташкил этилишида маҳаллий зиёлилардан бири Рустам Абдураҳмоновнинг ташаббуси ва меҳнати муҳим ўрин тутган. Ўша даврда янги усулдаги мактабнинг ташкил этилиши қишлоқ ёшларининг саводини чиқариш, уларга замонавий билим бериш ва таълим олиш имкониятини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлган.
Йиллар ўтди. Даврлар алмашди. Жамият ўзгарди. Таълим тизимида янги талаб ва ёндашувлар пайдо бўлди. Мактаб ҳам замон билан бирга ривожланди, бинолари янгиланди, ўқув жараёни такомиллашди.
Аммо бир жиҳат ўзгармади — ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш ва муносиб тарбиялаш анъанаси давом этди.
Мактаб тарихидаги муҳим воқеалардан бири 1981 йил 21 февралда юз берди. Шу куни 664 нафар ўқувчига мўлжалланган янги, замонавий икки қаватли мактаб биноси фойдаланишга топширилди.
Янги бино ўша давр учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, мактабнинг кейинги тараққиёти учун ҳам муҳим асос бўлди.
Орадан қарийб ярим аср ўтиб, таълим даргоҳида яна бир катта янгиланиш амалга оширилди.
2026 йилда Инвестиция дастури доирасида “Aziz story-777” МЧЖ бинокорлари томонидан 540 ўринга мўлжалланган қўшимча ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу янгилик мактаб ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Янги бинонинг ишга туширилиши натижасида таълим муассасасидаги ўқув жараёни учун қўшимча имкониятлар яратилди ва бугунги кунда 1 250 нафар ўқувчи бир сменада таълим олмоқда.
Энг муҳими, замонавий ва қўшимча ўқув хоналарининг ташкил этилиши ўқувчилар учун янада қулай таълим муҳитини яратиш, ўқитувчилар учун эса ўз билим ва тажрибасини самарали намоён этиш имконини кенгайтирди.
Бугун мактабда 103 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 32 нафари олий, 30 нафари биринчи малака тоифасига эга.
Бу рақамлар замирида, аввало, ўз касбига садоқатли, таълим-тарбиядек масъулиятли вазифага виждонан ёндашиб келаётган устозларнинг меҳнати мужассам.
Зеро, мактабнинг ҳақиқий қиёфаси унинг деворлари ёки хоналари билан эмас, аввало, шу даргоҳда дарс бераётган устозлар ва таълим олаётган ўқувчиларнинг ютуқлари билан белгиланади.
Бу борада бугунги натижалар ҳам қувонарли.
Жорий йилда мактабни 85 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 67 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Ушбу кўрсаткич бир аср давомида шаклланган таълим анъаналарининг бугунги кунда ҳам ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Кеча мактаб остонасидан илк бор қадам қўйган болаларнинг бугун олий таълим сари йўл олаётгани эса устоз меҳнатининг энг катта натижаларидан биридир.
100 йиллик юбилей муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда мактаб тарихида алоҳида из қолдирган инсонлар яна бир бор бир жойга жам бўлдилар.
Унда турли йилларда мазкур таълим даргоҳида фаолият юритган устозлар, мактаб битирувчилари, нафақадаги педагоглар ва ишчи-ходимлар иштирок этди.
Йиллар давомида бирга меҳнат қилган ҳамкасблар, бир вақтлар шу синф хоналарида таълим олган битирувчиларнинг учрашуви тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Самимий суҳбатлар, хотиралар ва эзгу тилаклар давомида мактабнинг кечаги ва бугунги ҳаёти ёдга олинди. Бир вақтлар бу даргоҳда таълим берган устозлар, уларнинг шогирдлари, мактабда кечган қувончли ва унутилмас лаҳзалар ҳақида сўз юритилди.
Зеро, мактаб тарихи — бу фақат бинолар, синф хоналари ва саналар тарихи эмас. Унинг ҳар бир саҳифасида инсон тақдири, устоз меҳнати ва шогирд орзуси мужассам.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар мактаб жамоаси, устоз ва мураббийларни қутлуғ 100 йиллик юбилей ҳамда касб байрами билан самимий муборакбод этдилар.
Устозларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати, ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, уларни билимли, ватанпарвар ва фидойи инсонлар этиб тарбиялашдаги беқиёс ўрни алоҳида эътироф этилди.
100 йиллик тарих — бу ўтмишга назар ташлаш билан бирга, келажак учун ҳам масъулиятдир.
Аср давомида неча-неча авлодга таълим берган ушбу даргоҳ энди ўзининг янги асрига қадам қўймоқда. Янги бинолар, замонавий имкониятлар, тажрибали устозлар ва изланувчан ёшлар эса бу йўлнинг давом этиши учун мустаҳкам замин яратади.
Энг муҳими, ушбу мактабдан яна кўплаб авлодлар катта ҳаётга қадам қўйсин. Уларнинг орасида илм-фан, таълим, тиббиёт, санъат, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган ёшлар кўпайсин.
Чунки асрга тенгдош мактабнинг энг катта бойлиги — унинг биноси эмас, балки шу даргоҳда таълим ва тарбия олган инсонлардир.
Қутлуғ сана муносабати билан ташкил этилган маданий-маърифий тадбир эса барча иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлаб, бир асрлик тарихга эга таълим масканининг бугунги ютуқлари ва эртанги орзуларига ҳамоҳанг тарзда якунланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






