Бутунжаҳон туризм куни: Бухорода соҳа фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
2026-09-29 19:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, вилоятнинг туризм соҳасида меҳнат қилаётган барча юртдошларни ушбу муҳим сана билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Бухоро халқаро миқёсдаги йирик туристик, маданий ва ишбилармонлик марказига айланиб бормоқда.
Жорий йилда вилоятга 2 миллион 35 мингдан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларга кўрсатилган туризм хизматлари ҳисобига 581,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тушум қайд этилган. Шунингдек, республика ҳудудларидан 4 миллион 100 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ Бухорога келган.
Туристлар оқимининг ортиши соҳа инфратузилмасининг кенгайишига ҳам хизмат қилмоқда. Йил бошидан буён 79 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 757 тага етди. 1 842 та янги меҳмон ўрни ташкил этилди. Шунингдек, 35 та янги туроператор ва турагент фаолияти бошланди.
Бугун вилоятда туризм ва унга ёндош соҳаларда 85 минг нафар аҳоли меҳнат қилмоқда.
Тадбирда Бухоронинг халқаро миқёсдаги нуфузи ҳам алоҳида қайд этилди. Шаҳар 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти, 2023 йилда “Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомига сазовор бўлди. Шунингдек, Бухоро ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғига “Амалий безак ва халқ санъати” йўналиши бўйича Марказий Осиёдаги илк шаҳар сифатида киритилди.
Айни пайтда Бухоро халқаро маданий дипломатия ва ижодий индустриялар маркази сифатида ҳам янги босқичга чиқмоқда. Осиё хотин-қизлар II форуми, III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, “Ипак ва зираворлар” фестивали ҳамда I Бухоро биенналесининг ўтказилиши шаҳарнинг йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилиш салоҳиятини намоён этди.
Тадбирда яна бир муҳим янгилик — Бухоронинг 2027 йилда ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг халқаро конференциясига мезбонлик қилиши алоҳида таъкидланди. Анжуманда 110 га яқин мамлакатдаги 408 та ижодкор шаҳар вакиллари қатнашиши кутилмоқда.
Шунингдек, Бухорода MICE — конгресс, конференция, кўргазма ва ишбилармонлик туризми учун зарур инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Янги меҳмонхоналар, Конгресс холл мажмуаси, Кўргазмалар зали ва бошқа замонавий объектлар шаҳарнинг халқаро тадбирларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Вилоят ҳудудларида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қатор маҳалла ва қишлоқларга “туризм қишлоғи” ва “туризм маҳалласи” мақоми берилиб, уларда миллий ҳунармандчилик, гастрономия, оилавий меҳмон уйлари ва маҳаллий сервисни туристик маҳсулотга айлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Ботир Зарипов тадбир давомида туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва ресторанлар ходимлари, гидлар, ҳунармандлар, транспорт ва сервис соҳаси вакиллари, музей ва маданият муассасалари ходимлари ҳамда туристлар хавфсизлигини таъминлаётган хизматларга миннатдорлик билдирди.
— Бухорога келаётган ҳар бир меҳмоннинг таассуроти сизларнинг меҳнатингиз билан чамбарчас боғлиқ. Сизларнинг ҳар бирингиз Бухоронинг дунёдаги ўзига хос ташриф қоғозини яратаётган инсонларсиз, — деди вилоят раҳбари.
Тадбир доирасида туризм соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ва ташаббускор соҳа вакилларининг меҳнати ҳам муносиб эътироф этилди.
Жумладан, туризм соҳасида кўп йиллик самарали меҳнати, фидойилиги ва соҳани ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа вакилларига “Туризм фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Бухоронинг туристик салоҳиятини юксалтириш, меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, миллий маданият ва меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатган соҳа вакиллари турли номинациялар бўйича тақдирландилар.
Тақдирланганлар орасида туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва ресторанлар ходимлари, гидлар, ҳунармандлар, транспорт ва сервис соҳаси вакиллари ҳамда туризм тармоғининг бошқа фидойилари бор.
Ушбу эътирофлар соҳада меҳнат қилаётган инсонларнинг касбий фаолиятига берилган юксак баҳо бўлиб, уларни янги ташаббус ва марралар сари руҳлантириши шубҳасиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









