Бухоролик ёш иқтидор эгаси Кўҳна Қитъанинг нуфузли давлат бошқаруви мактабида малака оширмоқда
2026-09-29 15:25:00 / Янгиликлар

Ана шундай ёш иқтидор эгаларидан бири —Ғиждувон туманидаги Тахтахон қишлоғида туғилиб, вояга етган Йўлдошбек Саидовдир.
Бугунги кунда у Франциянинг давлат бошқаруви соҳасидаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири — Давлат хизмати миллий институтининг (INSP) Халқаро малака ошириш дастурида таҳсил олмоқда.
Мазкур дастур давлат ва ҳудудий бошқарув соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар учун илғор халқаро тажрибани ўрганиш, замонавий бошқарув усуллари бўйича билим ва амалий кўникмаларни ошириш, турли мамлакатлар вакиллари билан тажриба алмашиш имконини беради.
Йўлдошбек Саидов мазкур нуфузли дастурга қабул қилиниши билан бирга, институт директори томонидан ажратилган махсус стипендияга ҳам сазовор бўлди. Бу унинг таълим ва касбий фаолиятда эришган натижалари халқаро даражада муносиб баҳоланганидан далолат беради.
Йўлдошбекнинг халқаро таълим йўли бундан аввал ҳам Франция билан боғлиқ. У “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси асосида 2022–2024 йилларда Франциянинг Страсбург университетида магистратура босқичида таҳсил олиб, уни муваффақиятли тамомлаган.
Страсбургда олган билим ва тажрибасини амалиёт билан уйғунлаштириб келаётган ёш мутахассис учун INSPдаги малака ошириш дастури янги босқич вазифасини ўтамоқда.
Бу ерда у давлат ва ҳудудий бошқарув, стратегик режалаштириш, давлат сиёсати ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш каби йўналишлардаги илғор ёндашувларни ўрганиб, профессионал салоҳиятини янада ошириш имконига эга бўлмоқда.
Энг муҳими, мазкур дастур Страсбург университетида давлат бошқаруви йўналишида олган назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиш, турли давлатларнинг бошқарув моделларини ўрганиш ва келгусида мамлакатимиз давлат хизмати тизимида самарали қўллаш учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
Франциянинг давлат бошқаруви соҳасидаги нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлган INSP 2022 йилда собиқ ENA (École nationale d’administration) негизида ташкил этилган.
Институт Франция давлат хизмати учун юқори малакали раҳбар кадрларни тайёрлаш ва давлат бошқаруви соҳасида замонавий ёндашувларни ривожлантиришга ихтисослашган.
INSP ва унинг аввалги шакли — ENA битирувчилари орасида Франциянинг юқори лавозимларида фаолият юритган кўплаб давлат арбоблари, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари бор.
Шу жиҳатдан, мазкур институтнинг халқаро дастурида таҳсил олиш Йўлдошбек Саидов учун нафақат навбатдаги таълим босқичи, балки давлат бошқаруви соҳасидаги халқаро профессионал муҳитда тажриба орттириш имконияти ҳамдир.
INSPнинг халқаро дастурларига қабул жараёни номзодларнинг академик тайёргарлиги, касбий тажрибаси, тил билими ва давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳиятини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Йўлдошбек Саидов халқаро таълим ва малака ошириш билан бир қаторда, Ўзбекистондаги касбий фаолиятини ҳам давом эттирмоқда.
У айни вақтда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида етакчи мутахассис сифатида фаолият олиб бормоқда.
Ёш мутахассиснинг давлат хизматидаги фаолияти спорт соҳасидаги натижалари билан ҳам уйғунлашиб келмоқда. У республика Спорт вазирлигининг I даражали кўкрак нишони билан тақдирланган.
Мазкур мукофотга у давлат хизматчилари ўртасида ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини баҳолаш жараёнида юқори натижалар кўрсатгани учун муносиб кўрилган.
Бу эса Йўлдошбекнинг билим ва касбий салоҳият билан бир қаторда, жисмоний тайёргарлик, интилиш ва ўз устида ишлашга бўлган эътиборини ҳам намоён этади.
Йўлдошбек Саидовнинг таълим ва касбий фаолиятдаги натижалари нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Бухоро ёшларининг билим ва салоҳияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганининг яна бир амалий намунасидир.
Айниқса, вилоятнинг чекка ҳудудларидан бирида туғилиб, нуфузли халқаро таълим дастурларида иштирок этаётган ёшларнинг сафида Ғиждувонлик йигитнинг ҳам борлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Бугун дунёнинг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётган, халқаро дастур ва лойиҳаларда иштирок этаётган бухоролик ёшлар сони ортиб бормоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғи юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятларнинг амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда.
Йўлдошбек Саидовнинг INSPдаги таълими ҳам ана шу эзгу интилишларнинг мантиқий давоми. Энг муҳими, у эгаллаётган замонавий билим ва халқаро тажрибани келгусида мамлакатимиз тараққиёти, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва жамият манфаатларига хизмат қилиш йўлида қўллаш мақсадида ўз касбий салоҳиятини изчил ривожлантирмоқда.
Бугунги билимли ва ташаббускор ёшлар — эртанги тараққиётнинг муҳим таянчи. Йўлдошбек Саидовнинг таълим ва меҳнат йўли эса изланиш, интилиш ва имкониятлардан унумли фойдаланиш орқали юксак натижаларга эришиш мумкинлигининг ибратли намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




