Бухорода аквапарк ва замонавий саноат парки ташкил этиш режалаштирилмоқда
2026-09-28 23:30:00 / Янгиликлар

2017 йилда Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ташкил этилган China Wanjun International компанияси маданий-туристик лойиҳалар ва саноат паркларини комплекс ривожлантиришга ихтисослашган.
Компания тақдимотига кўра, у лойиҳаларни режалаштириш, қурилиш жараёнларини ташкил этиш, сифат ва харажатларни бошқариш, объектларни эксплуатация қилиш ҳамда инвестицияларни бошқариш йўналишларида тажрибага эга. Шунингдек, компаниянинг Vanke ва Greentown каби йирик Хитой девелоперлари билан ҳамкорлик алоқалари қайд этилган.
Учрашувда компания томонидан Бухоро вилоятида замонавий аквапарк ва кўп функцияли курорт мажмуасини ташкил этиш бўйича инвестиция ташаббуси тақдим этилди. Лойиҳанинг дастлабки инвестиция ҳажми 40 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.
Лойиҳа доирасида очиқ ҳавода фаолият юритувчи, суви иситиладиган аквапарк, тематик савдо ҳудуди, курорт типидаги турар-жой мажмуасини ташкил этиш режалаштирилган.
Мажмуа маҳаллий аҳоли, туристлар ҳамда саноат паркларида фаолият юритувчи мутахассисларга хизмат кўрсатиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳанинг асосий ғояси йил давомида фаолият юритадиган сувли дам олиш, савдо ва яшаш функцияларини бирлаштирган замонавий мажмуа барпо этишдан иборат.
Компания концепциясига кўра, мазкур лойиҳа Бухорода йил давомида хизмат кўрсатувчи сувли дам олиш объектлари сегментини ривожлантириш ва янги туристик масканни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, China Wanjun International трансчегаравий таъминот занжирларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурмоқда. Ушбу лойиҳага 60 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган.
Шу тариқа, аквапарк ва курорт мажмуаси ҳамда саноат паркини қамраб олган икки йўналиш бўйича умумий инвестиция ҳажми 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Тақдимотда мазкур объектларни ўзаро яқин ҳудудларда жойлаштириш ва туризм, савдо ҳамда саноат инфратузилмаси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилган.
Учрашувда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар, жумладан, талаб этиладиган ер майдони ва объектларнинг аниқ жойлашуви, молиялаштириш манбалари ва инвесторнинг ўз маблағлари улуши, амалга ошириш муддатлари ва босқичлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, аквапаркнинг техник қуввати, ташриф буюрувчиларни қабул қилиш салоҳияти, сув ва энергия ресурсларига эҳтиёжи, яратиладиган иш ўринлари ва кутилаётган солиқ тушумлари юзасидан маълумотлар тақдим этилиши зарурлиги қайд этилди.
Томонлар компаниянинг шу каби лойиҳалар бўйича амалий тажрибаси ва референсларини ўрганиш, шунингдек, таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича фикр алмашдилар.
Лойиҳаларнинг амалга оширилиши Бухорода замонавий туристик инфратузилмани кенгайтириш, аҳоли ва сайёҳлар учун янги дам олиш имкониятларини яратиш, шунингдек, саноат ва логистика салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларининг техник, молиявий ва иқтисодий кўрсаткичларини чуқур ўрганиш, зарур инфратузилмани шакллантириш имкониятларини баҳолаш ҳамда кейинги амалий қадамларни белгилаш бўйича келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








