Газлининг 70 йиллик юбилейи: шаҳарчада хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратилди
2026-09-27 12:35:00 / Янгиликлар

Юбилей арафасида шаҳарда нафақат ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш, балки аҳолининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи банд қилиш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эндиликда бу имкониятлар хотин-қизлар учун ҳам янада кенгайтирилди. Хусусан, Газли маҳалласида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур марказнинг иш бошлаши Газлининг 70 йиллик тараққиёт йўлида бугунги авлод учун яратилаётган янги имкониятларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу ерда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни иш билан таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш учун зарур шароитлар яратилган.
Бу каби марказларни ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ҳамда 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги 516 та маҳалланинг 350 тасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилган. Газли маҳалласида иш бошлаган янги марказ ҳам ана шу тизимнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳудудда хотин-қизлар учун касб ўрганиш, меҳнат қилиш ва даромад топиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Янги марказда 100 нафардан ортиқ хотин-қизни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Жумладан, 85 нафар хотин-қиз тикувчилик, 10 нафари ҳунармандчилик, 10 нафари ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаш, яна 5 нафари аёллар сартарошлиги йўналишларида касб ўрганади.
Бу йўналишларнинг танлангани хотин-қизларга амалий касб эгаллаш ва уни кейинчалик барқарор даромад манбаига айлантириш имконини беради.
Марказ фаолияти фақат касб ўргатиш билан чекланмайди. Хотин-қизларга эгаллаган касби бўйича иш топиш, ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий кўмак кўрсатилади.
Айниқса, Газли каби чекка ҳудудда бундай имкониятларнинг маҳалланинг ўзида яратилиши муҳим аҳамиятга эга. Энди хотин-қизлар узоқ масофага бориб, касб ўрганиш ёки иш излаш заруратисиз, ўз маҳалласида таълим олиши, меҳнат қилиши ва даромад топиши мумкин.
Марказ фаолиятида хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Бу ерда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш билан бир қаторда, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, профилактик тадбирларга жалб этиш ва саломатлик билан боғлиқ масалаларда зарур кўмак кўрсатиш имкониятлари ҳам кенгайтирилади.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги марказнинг фойдаланишга топширилиши билан самимий муборакбод этди.
Вилоят раҳбари ўз сўзида Газлининг 70 йиллик тараққиёт йўли давомида шаҳар аҳолиси учун яратилаётган имкониятлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаб, мазкур марказ ҳам хотин-қизларнинг меҳнат қилиши ва даромад топиши учун янги имкониятлар очишини қайд этди.
Шунингдек, марказ хотин-қизлар учун шунчаки касб-ҳунар ўрганиш маскани эмас, балки эгалланган касбни амалиётга татбиқ этиш, меҳнат қилиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиш имконини берувчи муҳим маскан экани таъкидланди.
Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш, хотин-қизларнинг тўлиқ касб эгаллашини таъминлаш, ўқишни тамомлаганидан сўнг уларни ишга жойлаштириш ёки тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Зеро, Газлининг 70 йиллик юбилейи нафақат ўтган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, балки шаҳарнинг келгуси ривожи учун янги мақсад ва имкониятларни белгилаш давридир. Хотин-қизлар учун ташкил этилган ушбу марказ ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида аҳолининг бандлиги, оилавий даромадлари ва маҳалла фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Газлининг 70 йиллик тарихи — бу, аввало, унинг одамлари тарихи. Бугун эса ана шу инсонлар учун янги имкониятлар яратилиб, шаҳар тараққиётининг кейинги босқичи учун мустаҳкам пойдевор барпо этилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









