90 ўринли эски бинодан 120 ўринли замонавий масканга: Газлида янги боғча очилди
2026-09-27 12:15:00 / Янгиликлар

Газлида бугун ана шу муаммога ечим топилди. Эски, имкониятлари чекланган муассаса ўрнига замонавий 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги боғча Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида 5 миллиард сўм маблағ эвазига қурилди. Энг муҳими, янги муассасанинг ишга туширилиши билан Газлида мактабгача таълим билан қамров 100 фоизга етказилди.
Энди бу ерда болалар замонавий ва шинам хоналарда таълим-тарбия олади. Муассаса болаларнинг ёшига мос равишда таълим олиши, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар билан таъминланган.
Айниқса, чет тилларини ўрганиш учун яратилган имкониятлар болаларнинг мактабгача бўлган даврданоқ янги билим ва кўникмаларни эгаллашига хизмат қилади. Бу эса уларнинг келгусидаги таълим жараёни учун муҳим пойдевор бўлади.
Янги боғчанинг очилиши нафақат болалар, балки ота-оналар учун ҳам катта қулайлик яратди. Аввалги муассасадаги шароитлардан фарқли ўлароқ, энди фарзандларини таълим ва тарбия учун замонавий, қулай ва хавфсиз муҳитга ишониб топшириш имконияти пайдо бўлди.
Янги мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят жамоатчилиги, Газли шаҳри аҳолиси иштирок этди.
Маросимда юртимизда, хусусан, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли учун замонавий ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, болаларнинг таълим-тарбияси учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди.
Янги муассасанинг рамзий лентаси қирқилиб, бу ерда болалар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Таълим хоналари, болалар учун яратилган қулайликлар ва чет тилларини ўрганиш имкониятлари билан танишилди.
Объектни барпо этишда меҳнат қилган қурувчиларга миннатдорлик билдирилди.
Кечаги эски бино ўрнидаги бугунги замонавий боғча — Газлида болаларга бўлган эътибор, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ва ҳудуд ижтимоий инфратузилмасидаги янгиланишларнинг яна бир амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









