2 минг гектар янги экин майдони, 10 километрлик канал, 6 километр электр тармоғи, янги трансформатор ва насос агрегатлари — Газлида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда
2026-09-27 12:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида 2 минг гектар янги экин майдонларини ўзлаштириш режалаштирилган. Бунинг учун, аввало, ерларни сув билан таъминлаш, электр энергияси етказиб бериш ва суғориш тизимини йўлга қўйишга қаратилган зарур инфратузилма яратилмоқда.
Хусусан, Бухоро магистрал коллекторидан 10 километр узунликдаги янги канал қуриш ишлари бошланди. Янги каналнинг барпо этилиши ўзлаштириладиган майдонларни сув билан таъминлаш имконини беради. Бу эса ҳудудда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва янги экин майдонларини қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳа доирасида янги экин майдонларини зарур инфратузилма билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суғориш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 6 километр электр тармоғини тортиш ишлари бошланди. Ҳозирга қадар 400 кВт қувватга эга 2 та трансформатор ўрнатилди. Айни пайтда экин майдонларини сув билан таъминлаш учун 3 та насос агрегатини ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур объектда бўлиб, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган инфратузилма ва белгиланган режалар билан яқиндан танишди.
Объектдаги қурилиш-монтаж ишларининг бориши, янги экин майдонларини сув ва электр энергияси билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга канал қурилиши, электр тармоқларини тортиш ҳамда насос агрегатларини ўрнатиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, шунингдек, ўзлаштирилаётган майдонларни қишлоқ хўжалиги оборотига тезроқ киритиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Янги экин майдонларининг ўзлаштирилиши, энг аввало, Газли аҳолиси учун янги иқтисодий имкониятлар яратади. Ўзлаштирилган ерларда турли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш орқали аҳоли қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши билан ерга ишлов бериш, уруғлик ва кўчат етиштириш, маҳсулотни йиғиш, сақлаш, ташиш ва сотиш каби йўналишларда ҳам қўшимча иш ўринлари ва даромад манбалари шаклланиши кутилмоқда.
Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий даромадларни ошириш ҳамда ҳудудда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида нафақат янги экин майдонларини ўзлаштириш, балки ҳудудда янги дарахтзорлар барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Дарахтзорларнинг ташкил этилиши Газлини кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва атроф-муҳитни ободонлаштиришга хизмат қилади. Чўл ҳудуди шароитида яшил майдонларни кўпайтириш ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу тариқа, Газлида амалга оширилаётган мазкур ташаббус нафақат янги ерларни қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш, балки сув ва электр инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун янги даромад манбаларини яратиш ҳамда ҳудудни кўкаламзорлаштиришни қамраб олган кенг қамровли лойиҳага айланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









