Ғиждувон: Бир хонадонда бошланган иш 47 та оилага даромад олиб келмоқда
2026-09-25 18:50:00 / Янгиликлар

Юқори Ҳавзак аҳоли пунктида Туйғун Исмоилов томонидан йўлга қўйилган шўрданакчилик фаолияти аввалига кичик ҳажмда бошланган эди. Бугун эса бу ерда 3 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган, яна қарийб 47 та хонадон аҳолиси мазкур фаолият орқали даромад топмоқда.
Тизим оддий: тадбиркор хомашёни хонадонларга етказиб беради, аҳоли эса уй шароитида данакларни чақиб, тайёр маҳсулот учун ҳақ олади. Ҳар бир килограмм чақилган данак учун 3 500 сўмдан тўлов амалга оширилади.
Шу тариқа хонадон эгалари ўз уйида меҳнат қилиб, оилавий даромадига қўшимча маблағ киритмоқда. Энг муҳими, бунинг учун алоҳида иш жойига бориш ёки хонадондан узоқлашиш талаб этилмайди.
Мазкур меҳнат жараёни “Ҳавзак” билан чекланиб қолмаяпти. “Нодирабегим” ва “Гулистонобод” маҳаллаларидаги хонадонлар ҳам унга жалб этилган. Натижада бир тадбиркорлик субъекти атрофида бир нечта маҳаллада яшовчи аҳоли учун қўшимча даромад манбаи шаклланган.
Фаолиятнинг яна бир муҳим жиҳати — маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришдир. Тадбиркор Ғиждувон тумани ҳудудидан данакларни қабул қилиб, уларни қайта ишлайди. Тайёр маҳсулотлар эса қўшни Қашқадарё вилоятига етказиб берилмоқда.
Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам салмоқли. Айни пайтда ҳафтасига ўртача 1 тоннага яқин тайёр маҳсулот етказиб бериляпти. Бу кўрсаткич фаолиятнинг бозорда ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўрсатади.
Тадбиркорликни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш режалари белгиланган. Бу эса келгусида мазкур меҳнат занжирига яна кўпроқ хонадонларни жалб этиш имконини беради.
Аслида, бугунги натижа катта ишлаб чиқариш корхонасидан эмас, бир хонадондаги кичик ташаббусдан бошланган. Унинг энг катта самараси эса ишлаб чиқарилган маҳсулот эмас, балки меҳнат қилиш ва даромад топиш имконига эга бўлган инсонлар сонининг ортиб бораётганида.
Бир хонадонда бошланган иш — 3 нафарнинг бандлиги, 47 та хонадоннинг даромади ва бошқа ҳудудларга етказиб берилаётган тайёр маҳсулотга айланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






