Чўлга қарши яшил қалқон: Қоракўлда “Галофит боғи”
2026-09-25 15:50:00 / Янгиликлар

Бундай мураккаб шароитда табиатнинг ўзига хос мослашувчан ва шўрланган тупроқларда ҳам ўсиш хусусиятига эга ўсимликларидан самарали фойдаланиш муҳим. Ана шундай ўсимликлар сирасига галофитлар киради.
Галофитлар — шўрхок ва шўрланган тупроқларда ўсишга мослашган ўсимликлар бўлиб, оғир табиий шароитларда ҳам яшил қопламни сақлаб қолиш хусусиятига эга. Чўлланиш жараёни кучайган ҳудудларда ўсимлик қопламининг сийраклашиши шамол эрозиясини кучайтириши мумкин. Галофитлар эса бундай ҳудудларда табиий яшил қопламни шакллантириш орқали ушбу жараёнларни юмшатишга ҳисса қўшади.
Шу нуқтаи назардан, Қоракўл туманида галофит ўсимликларни ўрганиш ва кўпайтиришга қаратилган ташаббус алоҳида аҳамият касб этади.
— Қоракўл туманида табиатни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва воҳанинг ўзига хос иқлим шароитига мос ўсимликларни кўпайтириш борасида яна бир хайрли ташаббусга қўл урилди, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. — Чўлланишга қарши инновацион ёндашув сифатида туманнинг Зарафшон массивида “Галофит боғи” ташкил этилмоқда. Чўл ва шўрланишга чидамли ўсимликлар жамланган ушбу маскан нафақат экологик, балки илмий-тажрибавий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, келгусида табиат ва инсон уйғунлигини таъминлашга хизмат қиладиган ўзига хос яшил ҳудудга айланиши мақсад қилинган.
Воҳанинг айниқса ёз фаслидаги жазирама иссиғи ва қуёш тафти остида ҳам яшиллигини сақлаб қолаётган ҳар бир галофит ўсимлик табиатнинг мослашувчанлик имкониятларини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда 10 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган тажриба участкасида 30 дан ортиқ турдаги ўсимликлар экилган. Бу ерда галофитларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳаллий иқлим шароитига мослашуви ўрганилмоқда.
Галофит ўсимликлар махсус ўрганиладиган ва парвариш қилинадиган бундай боғлар табиатнинг оғир шароитларига мослашган ўсимликларни синовдан ўтказиш ва уларнинг амалий имкониятларини аниқлашга хизмат қиладиган ўзига хос илмий майдон вазифасини бажаради.
Келгусида галофит ўсимликлардан чорва учун озуқа базасини кенгайтириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, шўрланган ҳудудларда яшил майдонлар барпо этиш каби йўналишларда фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Шу маънода, Қоракўлда олиб борилаётган тадқиқотлар Бухоро вилоятининг мураккаб табиий шароитини чуқур ўрганиш, шўрланган ерлардан самарали фойдаланиш имкониятларини аниқлаш ва келажак авлод учун экологик барқарор муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Бу ташаббус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари билан уйғун ҳолда давом этмоқда. Лойиҳа доирасида вилоят бўйлаб 15 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шаҳар ва туманларда, шунингдек, чўлга туташ ҳудудларда 20 дан ортиқ “Яшил боғ” барпо этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Умуман, республикадаги Нукус, Арнасой, Кармана, Муборак ва Қоракўл туманларида галофит ўсимликлар боғларини ташкил этиш ишлари бошланган.
Мазкур боғлар учун Хитойдан 1,4 минг тонна галофит ўсимликлари уруғи олиб келинган бўлиб, айни пайтда ушбу уруғлардан галофит кўчатларини етиштириш ишлари йўлга қўйилмоқда.
Қоракўлдаги “Галофит боғи” ана шу йўналишдаги амалий ташаббуслардан бири сифатида шўрланган ва чўл ҳудудларида яшил майдонларни кенгайтириш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда чўлланиш жараёнларининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





