Бухорода «Яшил макон» доирасида 20 миллионга яқин кўчат экилади
2026-09-25 12:00:00 / Янгиликлар

Тақдимотда вилоятда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталарни кўпайтириш, аҳоли учун экологик жиҳатдан қулай муҳит яратиш, шунингдек, чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш борасида белгиланган вазифалар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, кузги мавсумда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида вилоят ҳудудида қарийб 20 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Бу ишлар шаҳар ва туманлардаги бўш ер майдонлари, йўл бўйлари, аҳоли пунктлари, ижтимоий соҳа объектлари атрофи ҳамда бошқа ҳудудларни кўкаламзорлаштиришни қамраб олади.
Шу билан бирга, «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва туманларда янги «Яшил боғлар» ҳамда «Яшил жамоат парклари» ташкил этилади. Мазкур ҳудудларда аҳоли учун сайр қилиш ва ҳордиқ чиқариш имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда, экологик муҳитни яхшилашга қаратилган кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Вилоятнинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, чўл ҳудудларини кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 58 минг гектар чўл майдонларида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши белгиланган.
Бу каби ўрмонзорлар ҳудудни шамол ва чанг таъсиридан ҳимоя қилиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда чўлланиш жараёнларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.
Кўчат етиштириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмайди. Бухоро илмий-тажриба станциясида замонавий «ин-витро» лабораторияси ташкил этилиши режалаштирилган. Бу орқали сифатли ва касалликларга чидамли кўчатларни кўпайтириш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳаларни самарали амалга оширишда сув таъминоти масаласи муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда 25 километр суғориш тизими қурилиши ва 12 та сув чиқариш қудуғи ўрнатилиши режалаштирилган.
Белгиланган чора-тадбирлар натижасида вилоятда яшиллик даражасини 13 фоизга ошириш, шунингдек, йилига 1,6 миллион тонна кислород ишлаб чиқарилишига эришиш мақсад қилинган.
Тақдимот давомида йирик транспорт йўналишлари бўйлаб яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, А-380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу» автомобиль йўли ҳамда «Қизилтепа–Бухоро–Хива» темир йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи қисми йўл ёқаларида яшил белбоғлар барпо этиш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳалар нафақат ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, балки автомобиль ва темир йўллари атрофида экологик барқарорликни таъминлаш, йўл бўйларининг ташқи кўринишини яхшилаш ва ҳудуднинг умумий ландшафтини бойитишга хизмат қилади.
Шунингдек, Қоракўл туманида галофит ўсимликлари бўйича илмий-тажриба участкаси ташкил этиш режалаштирилган. Бу йўналиш айниқса шўрланган ва сув танқис ҳудудларда иқлим ва тупроқ шароитига мос ўсимлик турларини ўрганиш, уларни кўпайтириш ҳамда амалиётга жорий этиш нуқтаи назаридан аҳамиятли.
Бундан ташқари, А-380 автомобиль йўлининг Бухоро шаҳридаги автошоҳбекатдан Ҳазрати Эшон қабристонигача бўлган қисмида «Сояли кўча» ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ушбу ташаббус доирасида йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш, соя берувчи дарахтларни экиш ва пиёдалар учун қулай муҳит яратиш кўзда тутилмоқда. Бу, айниқса, ёз ойларида юқори ҳарорат кузатиладиган Бухоро шароитида аҳоли ва йўловчилар учун қулайлик яратиши билан аҳамиятли.
Тақдимот якунида вилоят ҳокими Ботир Зарипов белгиланган лойиҳалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, яшил ҳудудларни кенгайтириш ишларини самарали ташкил этиш учун, аввало, мавжуд бўш ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ таркиби ва структурасини ўрганиш, иқлим ва сув таъминоти шароитида н келиб чиқиб дарахт ҳамда бута турларини тўғри танлаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, экиладиган ҳар бир кўчатнинг кейинги парвариши, уни мунтазам суғориш, озиқлантириш ва сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
— Кўчат экишнинг ўзи билан иш битмайди. Энг муҳими, унинг тутиши, ўсиши ва келгусида яшил ҳудудга айланиши таъминланиши керак, — деган ёндашув асосида ишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Масъулларга ҳар бир лойиҳа бўйича аниқ манзилли режалар ишлаб чиқиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экиладиган кўчатларнинг тури ва парваришлаш тизимини олдиндан белгилаш вазифалари юклатилди.
Умуман, «Яшил макон» доирасида амалга оширилаётган мазкур ишлар Бухоро вилоятида экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда чўлланиш жараёнларининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.
Энг муҳими, бу жараёнда фақат кўчат экиш эмас, балки уларни асраб-авайлаш, парваришлаш ва келгусида барқарор яшил ҳудудларга айлантириш асосий мезон бўлиб хизмат қилади.









