Қоровулбозор: “Сардоба”да замонавий истироҳат боғи барпо этилмоқда
2026-09-24 10:15:00 / Янгиликлар

Шундай лойиҳалардан бири туман ҳудудидаги тарихий мерос намуналаридан бири — “Сардоба” обидаси атрофида амалга оширилмоқда. Мазкур тарихий масканни янада обод ва файзли ҳудудга айлантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида қурилиш-ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.
Айни пайтда лойиҳа асосида 5 гектар майдонда замонавий “Сардоба” истироҳат боғини барпо этиш ишларига ёз ойларидан киришилган.
Янги истироҳат боғи аҳоли ва меҳмонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўлган барча қулайликларни қамраб олиши режалаштирилган. Хусусан, ҳудудда замонавий фаввора, пиёдалар учун сайр йўлаклари, тунги вақтда ҳудудни ёритиб турувчи замонавий ёритиш тизими, болалар ўйин майдончалари ҳамда оилавий дам олиш ҳудудлари ташкил этилади.
Шунингдек, истироҳат боғи ҳудудида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Бу эса ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликларни бир жойнинг ўзида яратиш, ҳудуднинг хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард 106 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини 90 кун муддатда тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
Лойиҳа буюртмачиси — “Viloyat hokimligi huzuridagi Yagona buyurtmachi xizmati injiniring kompaniyasi” давлат муассасаси. Лойиҳа ишлари “Perfekt arx project” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Бош пудратчи сифатида “Raboti Malik elit stroy servis” МЧЖнинг ишчи ва мутахассислари қурилиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда.
“Сардоба” атрофида замонавий истироҳат боғининг ташкил этилиши тарихий обиданинг туристик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Айниқса, Қоровулбозор туманига кириб келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун тарихий обида билан бир қаторда замонавий инфратузилмага эга дам олиш ҳудудининг яратилиши қўшимча қулайликлар тақдим этади.
Янги боғ ҳудудининг кўкаламзорлаштирилиши, сайр йўлаклари, дам олиш майдонлари, фаввора ва замонавий ёритиш тизимининг барпо этилиши “Сардоба” атрофини янада кўркам қиёфага келтириши билан бирга, уни аҳоли ва меҳмонлар учун ўзига хос маданий-туристик масканга айлантириши мумкин.
Муҳими, амалга оширилаётган лойиҳа тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини уйғунлаштиришга қаратилган. Яъни бу ерда нафақат ҳудудни ободонлаштириш, балки тарихий объектнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уни сайёҳлик йўналишларига янада самарали интеграция қилиш учун шароит яратиш мақсад қилинган.
Айни кунларда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида Қоровулбозор туманида кенг кўламли ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Хусусан, “Чўлқувар”, “Тинчлик” ва “Бўзачи” маҳаллаларида ҳудудларни ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун зарур шарт-шароитларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу ишлар маҳаллаларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш билан бир қаторда, аҳолининг кундалик ҳаёти учун муҳим бўлган инфратузилмани ривожлантириш, яшаш шароитларини янада қулайлаштиришга қаратилган.
Умуман, Қоровулбозор туманида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар ҳудуднинг тарихий ва туристик салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли учун замонавий дам олиш масканларини кўпайтириш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашни ўзаро уйғун ҳолда таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Сардоба” атрофида барпо этилаётган янги истироҳат боғи эса туманнинг тарихий қиёфаси ва замонавий инфратузилмаси уйғунлашган янги масканларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









