Отинойилар “Zakovat” интеллектуал ўйинида баҳслашдилар
2026-09-22 18:30:00 / Янгиликлар
“Билим—тафаккур, тафаккур—камолот !” Шундай шиор остида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги тизимида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида “Zakovat” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, “Мир Араб” олий мадрасаси ректори Жобир Элов, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров ҳамда бошқа масъуллар иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар юртимизда инсон қадри, илм-маърифат ва маънавий тараққиётга қаратилаётган эътибор хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, иштирокчиларга муваффақият тиладилар.
Вилоятимиз шаҳар ва туманларидан сараланган отинойилар беллашувда тарих, маърифат, миллий ва диний қадриятлар, юртимиз тараққиётига оид саволларга жавоб бериш орқали ўз билим ва тафаккурларини синовдан ўтказдилар.
Қизғин ва дўстона руҳда кечган “Zakovat” беллашуви иштирокчилар учун билим ва тафаккурни чархлаш билан бирга, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ўз билим ва касбий кўникмаларини синовдан ўтказган иштирокчилар ўзларининг мантиқий фикрлаш қобилияти ва жамоавий ҳамкорлик борасидаги маҳоратини намоён этдилар.
Беллашув якунига кўра, Ромитан тумани отинойиларидан ташкил топган “Волидаи азизон” жамоаси “ғолиблик шоҳсупаси”нинг фахрли учинчи поғонасидан ўрин эгаллаган бўлса, Бухоро тумани отинойиларидан ташкил топган “Оқила аёллар” жамоаси фахрли иккинчи ўринга муносиб топилди. Ўз билим ва касбий маҳорати билан ажралиб турган Бухоро шаҳар отинойиларидан иборат “Солиҳа аёллар” жамоаси эса якдил овоз билан интеллектуал ўйин ғолиблигини қўлга киритди.
Тадбир якунида ташкилотчи—“Vaqf” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали томонидан “Zakovat” беллашуви барча иштирокчилари ва жамоаларга эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








