Олот: “Ёш ботир” маҳалласидаги Дилдора Авезова хонадони ҳам иссиқхона имкониятидан унумли фойдаланмоқда
2026-09-22 17:15:00 / Янгиликлар

"Ёш ботир" маҳалласида яшовчи Дилдора Авезова уй хўжалигидаги томорқа деҳқончилиги фикримизга далил. Айни кунда хонадон бекаси икки ўғли ва келинлари билан биргаликда рўзғор тебратиш баробарида хонадонида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқда. Оилада вояга етаётган неваралар ҳам ҳатто ота-оналари, бувиларига яқин кўмакчига айланган.
Бу хонадонга келин бўлиб тушгнан Шабнам Бобоқулова номига банкдан ажратилган 27 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан 5 сотихли майдонда иссиқхона ташкил этилгани рўзғор учун айни муддао бўлди.
Йил бошидан плёнка остига, иссиқхонага картошка, бодринг ва помидор экилиб, дастлабки ҳосилдан қарийб 12 миллион сўм даромадга эришилди. Ҳозирда эса иссиқхонада такрорий экин сифатида 350 туп помидор ва 500 тупдан ортиқ бодринг кўчатлари парвариш қилинмоқда. Ҳадемай, 1,3 тонна помидор ва яна шунча бодринг ҳосилини йиғиштириб олиш ҳисобидан жами 20 миллион сўмдан ошириб моддий манфаат топиш кўзланмоқда. Ҳатто қишки мавсумда ҳам иссиқхона ери бўш қолдирилмасдан, унда исмалоқ, саримсоқпиёз ва кўкатлар етиштириш одатга айланган.
Дилдора Авезова ҳамда оила аъзолари хонадонда чорва молларини боқиб кўпайтириб, даромад салмоғини оширмоқдалар. Ҳозирда хўжалик оғилхонасида 7 бош қорамол парваришланаётган бўлиб, бўрдоқига боқилаётган қорамол ҳисобидан бир йил давомида 1 тоннадан кўпроқ гўшт етиштириш, хомаки ҳисоб-китобларга кўра, бундан 130 миллион сўмдан зиёд даромад топиш имконияти мавжуд.
—Муҳтожлик ва камбағалликдан чиқишнинг оддий йўли астойдил меҳнатда,—дейди ибратли оила бекаси Дилдора Авезова.— Ҳамиша ночор аҳволдан чиқиш, ўсиб келаётган фарзандлар орзу-ҳавасини кўриш ҳақида ўйлаб, қайғуриб келаётганимиздан шундай натижаларга эришаётган бўлсак, ажабмас. Хонадонимизда ҳар биримизнинг ишимиз тайин. Иссиқхонамиз, чорва молларимиз, паррандачилигимиз бор, албатта, буларга эришишнинг ўзи бўлмаган. Рўзғор юкини тортиш, эҳтиёжни қоплаш учун ҳамиша ҳаракатдамиз.
Тажрибамиздан келиб чиқиб айтсак, чиндан ҳам, меҳнат бор жойда ҳаракат, ҳаракат бор жойда эса моддий манфаатдорлик бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







