Туркиялик профессор Бухорода мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётларини бажарди
2026-09-22 10:15:00 / Янгиликлар
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Туркиянинг “Avrasya Hastanesi” тиббиёт клиникаси ҳамда “Med Care Turkey Istanbul” ташкилоти ҳамкорлигида Бухорода аҳоли учун бепул тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари ташкил этилди. Кўриклар давомида фуқаролар юрак-қон томир, бош мия ва асаб тизими касалликлари бўйича хорижий мутахассислар кўригидан ўтказилди.

Ташриф доирасида юрак-қон томир касалликлари жарроҳи, профессор Али Риза Женар республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётларини бажарди. Жумладан, уч нафар беморда аорто-коронар шунтлаш оперatsiяси муваффақиятли ўтказилди. Беморлар орасида Пешкў туманида яшовчи, 63 ёшли эркак, Бухоро шаҳрида яшовчи 61 ёшли эркак ҳамда 64 ёшли бемор бор. Мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар аҳволи қониқарли ва улар саломатлигини тиклаш муолажалари давом эттирилмоқда.
Аорто-коронар шунтлаш (АҚШ) — юракни қон билан таъминловчи коронар артерияларда қон оқими жиддий бузилганда қўлланиладиган мураккаб кардиохирургик амалиёт бўлиб, оперatsiя давомида қон оқими учун янги айланма йўл — шунт яратилади. Бу усул юрак мушагининг қон билан таъминланишини яхшилаш, кўкракдаги оғриқларни камайтириш ва беморнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган.
Мазкур амалиётларнинг вилоятимизда ўтказилиши нафақат беморлар учун юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди, балки маҳаллий мутахассислар учун ҳам халқаро тажрибани бевосита амалиёт жараёнида ўрганиш имконини берди. Мазкур жарроҳлик амалиётларида маҳаллий мутахассислар ҳам фаол иштирок этиб, замонавий кардиохирургик ёндашувлар бўйича тажриба алмашдилар.
Халқаро тиббий ҳамкорликнинг бундай шакли хорижий мутахассислар тажрибасини маҳаллий амалиётга татбиқ этиш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳудуднинг ўзида амалга ошириш имкониятини кенгайтириш, маҳаллий кадрлар малакасини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



