Когон: Ҳофизлар қишлоғида иссиқхона фаолияти ривожланмоқда
2026-09-21 14:35:00 / Янгиликлар
“Когон” маҳалла фуқаролар йиғини Ҳофизлар қишлоғида 40 сотих майдонда иссиқхона ташкил этилиб, унда помидорнинг эрта пишар, серҳосил навидан экиб, парваришланмоқда.

Мазкур иссиқхонада бугунга келиб 10 нафардан ортиқ ишчи, асосан ёшлар ва хотин-қизлар доимий иш ўринлари билан таъминлангани ҳудудда ишсизликни камайтириш, аҳоли даромад манбаларини кенгайтиришга ҳам муносиб улуш, албатта.
Мазкур иссиқхона хўжалигида жорий этилган илғор технологиялар, жумладан, томчилатиб суғориш тизими, иқлим назорати, ресурс тежамкор усуллар ҳамда юқори сифатли уруғликлардан фойдаланиш маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш ва йил давомида узлуксиз ҳосил етиштириш имконини бермоқда.
Ўз навбатида, туманда озиқ-овқат маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш, нарх-навонинг мувозанатини сақлаш ва аҳолининг сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда чоғроқ еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида истиқомат қилаётган Шуҳрат Тўраев, Ўба-Чўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда жорий йил давомида плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон етиштиришда пухта тажрибага эгалари бор.
Умуман, айни кунда Когон туманида аҳоли томорқачилари 21 мингга яқин бўлиб, улар тасарруфидаги мавжуд томорқа ери 2 минг 128 гектарга етказилган. Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда. Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этиб келинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









