Қоровулбозор: “Истиқлол”да паррандачилик—ишлаб чиқаришдан даромадгача
2026-09-21 10:55:00 / Янгиликлар

Туманнинг “Навбаҳор” ҳудудида Ҳасан Рўзиев раҳбарлигидаги “Истиқлол” фермер хўжалиги 125 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб ғалла етиштириб, жорий йил ёзги мавсумда 375 тонналик буғдой хирмонини барпо этди ва ҳар гектар ҳосилдорлигини 85 центнерга етказди. Пахтачилик тармоғида ҳам фаол бўлган хўжалик меҳнаткашлари 100 гектар ер майдонида “Xin Lu Zao-57” навли чигит экиб, ғўза парваришлаб, давлат шартномасига биноан 216 тонна хом ашё топшириш мажбуриятини олишган. Пахтачилик ва ғаллачилик билан бир қаторда “Истиқлол”да чорвачилик ҳамда паррандачилик каби қўшимча йўналишлар ҳам ривожлантирилмоқда.
Хўжаликда паррандачиликни йўлга қўйиш мақсадида Фарғона вилоятидан 400 бош “Доминант” зотли тухумдор товуқ келтирилиб, уларни парваришлаш ишлари ташкил этилган. Шу билан бирга, зотдор товуқларни инкубация усулида кўпайтириш имконияти ҳам яратилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — келгуси йилдан бошлаб кам даромадли оилаларга зотдор товуқлар тарқатишни йўлга қўйиш чора-тадбири кўрилмоқда. Бу орқали хонадонларда паррандачиликни ривожлантириш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
“Доминант” зотли товуқларнинг юқори тухумдорлиги ва турли иқлим шароитларига мослашувчанлиги ушбу йўналишни ривожлантириш учун қўшимча имконият яратади. Инкубация жараёнининг йўлга қўйилиши эса келгусида парранда сонини кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш имконини беради.
Айни пайтда “Истиқлол” фермер хўжалигида 20 нафардан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган.
Паррандачилик тармоғининг кенгайтирилиши билан янги иш ўринлари яратиш имконияти ҳам ортади.
Бу ташаббус қишлоқ хўжалигида фақат анъанавий йўналишлар билан чекланиб қолмасдан, бир хўжалик доирасида янги даромад манбаларини яратиш, аҳоли бандлигини кенгайтириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







