Иш излаган — иш топди, тадбиркорликни кўзлаган — имкониятга эга бўлди
2026-09-19 16:30:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда бугун туман ҳокимлиги ҳамда «Халқ банки» ҳамкорлигида тасдиқланган режа-жадвал асосида Марказий деҳқон бозори автотураргоҳида аҳоли учун навбатдаги имкониятлар ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — иш қидираётган фуқароларни муносиб ва доимий иш ўринларига йўналтириш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки мавжуд бизнесини кенгайтириш истагида бўлган аҳолига зарур молиявий ва амалий кўмак кўрсатишдан иборат.
Ярмаркада тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Иш излаб келган фуқароларга мавжуд вакансиялар, уларга қўйиладиган талаблар, меҳнат шароитлари ва ишга қабул қилиш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати — ўз тадбиркорлигини бошлаш ёки кенгайтириш истагидаги фуқаролар учун замонавий мини-технологиялар кўргазмаси ташкил этилганидир.
Кўргазмада қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларда фойдаланиш мумкин бўлган замонавий, ихчам ва самарадор мини-технологиялар намойиш этилди. Фуқароларга ушбу технологияларни арзонлаштирилган имтиёзли кредит ва ссудалар асосида харид қилиш имкониятлари тушунтирилди.
Бундай технологияларнинг аҳоли учун яна бир муҳим жиҳати шундаки, улардан фойдаланиб, катта маблағ ва ишлаб чиқариш майдонларини талаб қилмайдиган кичик бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш, қўшимча даромад манбаини яратиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш мумкин.
Тадбир давомида иш ўринларига қизиқиш билдирган, мини-технологиялар хариди орқали ўз фаолиятини бошлаш ёки мавжуд тадбиркорлигини кенгайтириш истагида бўлган 100 нафардан зиёд фуқаронинг мурожаатлари жойида ўрганиб чиқилди. Ҳар бир мурожаат бўйича масъуллар томонидан зарур тушунтиришлар берилиб, тегишли ечимлар белгилаб олинди.
Шунингдек, «Халқ банки» агентлари томонидан аҳолига имтиёзли кредит ва ссудалардан фойдаланиш шартлари, зарур ҳужжатлар, молиялаштириш механизмлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳамда мавжуд бизнесни кенгайтиришда банк билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жойида жавоб олиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш бўйича амалий тавсияларга эга бўлдилар.
Умуман, бундай очиқ мулоқот ва амалий ярмаркалар аҳоли билан бевосита ишлаш, ишсиз фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва одамларнинг ўз даромадини ошириш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, иш излаган инсон учун муносиб иш ўрни, тадбиркорликни кўзлаган фуқаро учун эса зарур молиявий кўмак ва амалий имкониятнинг бир жойда тақдим этилиши аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









