Шофиркон: Маҳаллада ишлаб чиқариш, хонадонларда даромад кенгаймоқда
2026-09-18 10:20:00 / Янгиликлар

Искогаре маҳалласида Нодир Ҳасанов бошчилигида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш фаолияти ҳам бунинг амалий мисолларидан биридир. Ҳосил Қурбонов билан ҳамкорликда 2025 йилда ташкил этилган мазкур тадбиркорлик фаолияти маҳаллий бозордаги талаб ва эҳтиёжлар чуқур ўрганилган ҳолда йўлга қўйилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 250 миллион сўми банк кредити, қолган 250 миллион сўми эса хўжаликнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Бугунги кунда корхонада қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган пеноблок ва газоблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бир кунда 550 донагача қурилиш материали тайёрланиб, маҳсулотларнинг асосий қисми туман ички бозорида сотилмоқда. Бир дона маҳсулотнинг ўртача сотув нархи 18 минг сўмни ташкил этади.
Ишлаб чиқариш қувватининг йўлга қўйилиши маҳаллий бозорни зарур қурилиш материаллари билан таъминлаш баробарида, аҳоли учун янги меҳнат ва даромад имкониятларини ҳам яратмоқда.
Айни пайтда корхонада 6 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган. Иш ҳажмига қараб қўшимча кунлик ишчилар ҳам жалб қилиниб, уларга ҳар бир иш куни учун 300 минг сўмдан меҳнат ҳақи тўланмоқда.
Бу кўрсаткичлар тадбиркорлик фаолиятининг маҳаллада бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадини оширишдаги амалий аҳамиятини кўрсатади. Энг муҳими, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши билан қўшимча фуқароларни меҳнатга жалб этиш учун ҳам имконият пайдо бўлади.
Тадбиркорлик субъекти фаолиятини келгусида янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқда. Бунинг учун маҳаллий бозордаги талабни мунтазам ўрганиш, маҳсулот сифатини сақлаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим.
Маҳаллаларда бундай ишлаб чиқариш ташаббусларининг кўпайиши бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим масалани ҳал этишга хизмат қилади. Хусусан, аҳоли бандлиги таъминланади, хонадонларга қўшимча даромад кириб келади, маҳаллий бозорда зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Энг муҳими, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали фуқароларни тайёр ёрдамга эмас, балки меҳнат ва ўз имконияти орқали даромад топишга йўналтириш учун шароит яратилади.
Искогаре маҳалласидаги мазкур корхона фаолияти ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Бу ерда бир тадбиркорлик ташаббуси ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқариш эса янги иш ўринлари ва даромад манбаига айланмоқда.
Зеро, ҳар бир янги иш ўрни — бир оиланинг даромади, ҳар бир ишлаб чиқариш ташаббуси — янги имконият, ҳар бир даромадли хонадон эса маҳалла фаровонлигининг мустаҳкам асосидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






