Бухоро вилояти раҳбарияти Хўжайли туманида: устувор вазифалар ва долзарб масалалар муҳокама қилинди
2026-09-17 17:15:00 / Янгиликлар

Хўжайли туманида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича Бухоро вилояти томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, зарур молиявий ва моддий ресурслар сафарбар этилди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ойбек кўчасида жойлашган 860 ўринли Марказий стадионда реконструкция ишлари амалга оширилди. Стадион майдони тайёрланиб, сунъий чим қопламаси ва томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатилди. Шунингдек, трибуна, айвон ҳамда ички қисмларда қурилиш-таъмирлаш ва пардозлаш ишлари бажарилди. Объектда амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари учун бугунги кунга қадар 3 миллиард 710 миллион сўм маблағ молиялаштирилди.
Оғир турмуш шароитида яшаётган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш ҳамда авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш учун Бухоро вилояти томонидан 18 миллиард сўм маблағ, 1 450 куб метрдан зиёд ёғоч-тахта ва қарийб 130 минг квадрат метр профнастил йўналтирилди.
Натижада 645 та уй-жойнинг том қисми тўлиқ таъмирланди, яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйлар ўрнида эса 27 та янги уй-жой қуриб битказилди.
Ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хўжайли туманидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 нафар ёш Бухоро шаҳридаги “Бухоро” соғломлаштириш оромгоҳида дам олдирилди. Улар учун Бухоронинг тарихий-маданий масканларига маънавий-маърифий саёҳатлар ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, 100 нафар ишсиз ёш Бухоро вилоятига олиб келиниб, уларга тенгдош тадбиркор ва ҳунармандлар фаолияти, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тадбиркорлик тажрибаси таништирилди.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Бухоро вилоятининг 30 нафар малакали шифокор ва патронаж ҳамшираларидан иборат тиббий бригадалари томонидан Хўжайли тумани аҳолиси ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.
Кўриклар давомида 3 191 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 828 нафарида турли касалликлар аниқланди. Шундан 1 442 нафарига амбулатор, 386 нафарига стационар даволаниш тавсия этилди. 208 нафар беморга жарроҳлик амалиёти учун йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига Бухоро вилоятининг “Бухорои шариф” жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 629 миллион сўм бўлган 8 турдаги тиббий асбоб-ускуна етказиб берилди.
Улар орасида жарроҳлик столи ва лампаси, чақалоқлар учун иситиш столи, портатив УЗИ сканери, электрокоагулятор, чақалоқлар инкубатори, сунъий нафас бериш ва СИПАП аппаратлари бор.
Операция ва ихтисослаштирилган даволанишга муҳтож бўлган 31 нафар бемор марказлашган тартибда Бухоро шаҳрига олиб келинди. Уларнинг 26 нафарида операция ўтказилиб, шундан 22 таси юқори технологик амалиётни ташкил этди. Даволаш ва операция харажатлари учун маҳаллий бюджетдан 259,8 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Туманда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Хўжайли туманида умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган 9 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳаларни ишга тушириш натижасида қарийб 250 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Хусусан, “Бриллиант Броллер Бухара” МЧЖ томонидан 1 миллион доллар инвестиция ҳисобига паррандачилик комплексини ташкил этиш лойиҳаси доирасида 40 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, “Нукус Прогресс транс” МЧЖнинг 400 минг долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида 20 та автобус харид қилиниб, йўловчи ташиш хизматини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошланди. Мазкур лойиҳа натижасида ҳам 40 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хўжайли туманида жундан гилам тўқиш тажрибасига эга 15 нафар хотин-қиз Бухорога таклиф қилиниб, “Бухоро ипак гилам маркази”да 10 кун давомида ипак гиламдўзлик бўйича ўқитилди.
Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган хотин-қизларга сертификатлар топширилиб, Хўжайли туманида ипак гиламдўзликни йўлга қўйиш учун маҳаллий усталар тайёрланди.
Айни пайтда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги масъуллар, шунингдек, қатор ташкилот ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Хўжайли туманида бўлиб турибди.
Туман ҳокимлиги мутасаддилари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги мулоқотда ҳудуднинг мавжуд имконият ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, ижтимоий ҳамда муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, Бухоро вилояти билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ва белгиланган режалар ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мулоқот давомида маҳаллалардаги мавжуд муаммолар ҳам ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Шу тариқа, Бухоро вилоятининг Хўжайли тумани билан ҳамкорлиги доирасида ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, уй-жой, бандлик, инвестиция ва касб-ҳунарга ўқитиш каби муҳим йўналишларда амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







