Олотда электр ва газ таъминоти “Янгийўл тажрибаси” асосида ўрганилмоқда
2026-09-17 15:35:00 / Янгиликлар

Янгийўл тумани тажрибаси асосида Олот туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб ташкил этилиб, ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Республика, вилоят ва туман масъулларидан иборат 10 та ишчи гуруҳ шакллантирилди. Улар томонидан тумандаги 35 та маҳаллада аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр ва табиий газга бўлган эҳтиёжи “маҳаллабай” ўрганилмоқда. Шу асосда ҳудуднинг ойлик, чораклик ва йиллик энергия баланси шакллантирилмоқда.
Дастлабки таҳлилларга кўра, туманда йил давомида 25,3 миллион куб метр табиий газ истеъмоли прогноз қилинган. Жорий йилнинг олти ойида 12,9 миллион куб метр ёки йиллик прогнознинг 51 фоизи истеъмол қилинган.
Электр энергияси бўйича эса йиллик истеъмол ҳажми 919,5 миллион киловатт-соат этиб белгиланган. Олти ой давомида 459,8 миллион киловатт-соат, яъни йиллик ҳажмнинг 51 фоизи сарфланган.
Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда туманда 45 та трансформатор пункти ва 169,9 километр электр тармоғи, шунингдек, 4,1 километр газ тармоғи реконструкция қилинди.
Бундан ташқари, газ қувурларини синовдан ўтказиш, ер ости газ қувурларининг ҳолатини текшириш ҳамда мавжуд тармоқларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Йил якунига қадар яна 11 та трансформатор пункти, 33,5 километр электр тармоғи ва 3 метр газ тармоғини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг энергия сарфи ҳам алоҳида таҳлил қилинмоқда. Айни пайтда Олот туманидаги 106 та ижтимоий соҳа объектининг энергия таъминоти ва сарфи ўрганилмоқда.
Бу жараёндан кўзланган асосий мақсад — энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини босқичма-босқич энергия самарадор тизимга ўтказишдан иборат.
Республика ишчи гуруҳи томонидан туманда амалга оширилаётган “яшил энергетика” лойиҳалари ҳам кўздан кечирилди.
Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан барпо этилган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда электр энергиясини сақлаш тизими фаолияти билан танишилди. “Қирлишон” массивида жойлашган мазкур лойиҳа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, “Аму-Бухоро” ирригация тизимларини қайта тиклаш доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг ҳолати ҳам ўрганилди.
Хусусан, “Аму-Бухоро–1” насос станциясида қиймати 82 миллион 960 минг АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш ишлари тўлиқ якунланган.
Маълумотларга кўра, иншоот синов тариқасида ишлаган даврда 75 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежашга эришилган. Бу қарийб 80 миллиард сўм маблағни тежаш имконини берган.
Мазкур иншоотнинг Бухоро ва Навоий вилоятларини сув билан таъминлашдаги аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









