Пешкуда бунёдкорлик нафаси: мактаб ва тиббиёт объектлари янгиланмоқда
2026-09-16 12:20:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ҳаёт Давлатов кеча Пешку тумани ҳокими Анвар Ҳамроев билан биргаликда “Бобоҳожи”, “Хоркаш”, “Зандани” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, шунингдек, мукаммал таъмирланаётган ижтимоий соҳа объектларидаги жараёнлар билан танишди.
Жумладан, “Дўстлик” МФЙдаги 20-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган мазкур мактаб биноси сўнгги йилларда моддий-техник жиҳатдан яроқсиз ҳолга келган. Шунингдек, ўқувчилар сони мавжуд қувватдан ошиб кетгани боис таълим жараёни мослаштирилган шароитда, икки сменада ташкил этилган. Бу ҳолат мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш заруратини юзага келтирган.
Айни пайтда мактаб биносини янгилаш ва капитал реконструкция қилиш мақсадида 6 миллиард 180 миллион сўм маблағ ажратилган. Лойиҳачи — “Galaosiyo loyiha” МЧЖ, пудратчи — “Muzaffar XK” мутахассислари томонидан белгиланган ишлар қурилиш меъёр ва талабларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Чеғирчи” МФЙдаги 47-сонли умумтаълим мактабини капитал реконструкция қилиш ва қўшимча ўқув биноси қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Айни пайтда пудратчи “Buxara novostroy” МЧЖ бинокорлари томонидан белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишларининг қарийб ярми бажарилган. Лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллиард 300 миллион сўм маблағ молиялаштирилган.
Тумандаги тиббиёт муассасаларида ҳам қурилиш ва реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, “Қорақалпоқ” МФЙдаги “Қорақалпоқ”, “Бобоҳожи” МФЙдаги “Боқимиришкор” ва “Хоркаш” МФЙда жойлашган 32-сонли оилавий шифокорлик пунктларини янгидан қуриш ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳалар учун “Қорақалпоқ” қишлоғидаги тиббиёт муассасасига 3 миллиард 200 миллион сўм, “Бобоҳожи” ва “Хоркаш” маҳаллаларидаги тиббиёт объектлари учун эса жами 8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни кунларда ушбу объектларда “Buxoro stroy plus purplish”, “Inter global stroy”, “Бухара ремонт строй монтаж” МЧЖ каби пудратчи корхоналар ишчи-мутахассислари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар якунида масъулларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя қилиш, аниқланган нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда объектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









