Олотда “хонадонбай” ихчам иссиқхона лойиҳалари кенгаймоқда
2026-09-16 10:35:00 / Янгиликлар

Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида Олот туманида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, иссиқхона йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳсулот етиштириш ва қўшимча даромад олиш имконини берувчи самарали йўналишлардан бири. Олот туманининг жорий йилда “оғир туманлар” рўйхатига киритилгани муносабати билан тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 12 фоизли имтиёзли банк кредит маблағларининг ажратилиши аҳоли учун муҳим имконият яратмоқда.
Мазкур имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида дастлабки босқичда туманда 200 тадан ортиқ хонадонда умумий майдони 2 гектардан зиёд бўлган ихчам иссиқхоналар барпо этиш ишлари бошланди. Ҳар бир лойиҳа доирасида 7 миллион 580 минг сўмгача маблағ йўналтирилиб, хонадон эгаларига иссиқхона ташкил этишда амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Энг муҳими, ушбу лойиҳалар орқали хонадонларда бандлик таъминланиб, оилалар учун қўшимча даромад манбаи шаклланади. Иссиқхоналарда сабзавот-полиз, кўкат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали фуқаролар йил давомида даромад олиш имкониятига эга бўлади.
Айни кунда Олот туманида мавжуд 4 минг 471 гектар аҳоли томорқасида жами 53 минг тонна атрофида эртаги сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Жумладан, 570 гектар майдонда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз етиштирилмоқда. Шунингдек, 700 гектардан ортиқ майдонда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштириш ишлари жадал давом этмоқда.
Жорий йилнинг эрта баҳор мавсумида биргина деҳқон хўжаликларининг 180 гектар майдонида картошка, умумий ҳисобда 833 гектар майдонда эса пиёз, булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Зеро, томорқа — аҳоли бандлигини таъминлаш, бозорларда арзончиликни шакллантириш ва дастурхонлар тўкинлигини таъминлашнинг самарали манбаларидан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









