Коллектордан ижтимоий масканга: Когонда янги лойиҳа амалга оширилмоқда
2026-09-16 10:15:00 / Янгиликлар

Жумладан, “А-380” автомобиль йўли бўйлаб, “Тараққиёт” маҳалласидан оқиб ўтувчи “Қўнғирот” коллектори атрофида олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари натижасида ҳудуд замонавий дам олиш ва сайр қилиш инфратузилмасига эга масканга айлантирилмоқда.
Шу кунга қадар асосан техник аҳамиятга эга бўлган гидроиншоот — коллектор эндиликда нафақат сувларни ўтказиш, балки маҳаллий аҳоли учун қулай ижтимоий ва дам олиш муҳитини яратишга хизмат қилади.
Айни пайтда коллекторнинг 900 метрлик қисмида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳудудда автомобиль йўли ва пиёдалар йўлаклари, тунги ёритиш чироқлари, айвонлар, болалар аттракционлари ҳамда музқаймоқ, салқин ичимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилмоқда.
“Bukhara georoad proyekt group” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган мазкур масканда ҳозирда пудратчи “Shavkat Shokir savdo” МЧЖнинг ишчи ва мутахассислари қурилиш-монтаж ишларини олиб бормоқда.
Лойиҳага кўра, “Соҳил бўйи” дам олиш масканида 20 га яқин тадбиркорга хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш имконияти яратилади. Бу эса ҳудудда янги хизмат турларини ташкил этиш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда қўшимча бандлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ҳудуднинг мавжуд ҳолатини яхшилаш, коллектор атрофини тартибга келтириш, пиёдалар ва автотранспорт ҳаракати учун қулай шароит яратиш, аҳоли ва ташриф буюрувчилар учун замонавий дам олиш ҳамда хизмат кўрсатиш масканини барпо этиш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





