Ҳосил мўл, даромад баракали: Пешку токзорларида қизғин мавсум
2026-09-16 09:50:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Навгаҳон”, “Қўрғон”, “Садр” ва “Зандани” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги боғ ва токзорларда айни кунларда пишиб етилган узумларни йиғиб, саранжомлаш, йил давомида қилинган заҳматли меҳнат самарасидан баҳраманд бўлиш жараёни қизғин давом этмоқда.
“Навгаҳон” ҳудудидаги “Ғайбулло бобо” фермер хўжалиги кўп йиллардан буён боғдорчилик соҳасида катта тажриба тўплаган. Хўжалик тасарруфидаги 1 гектарлик узумзорда бугунги кунда ҳосил мўл. Боғбон Шерали Узоқов бошчилигидаги оилавий меҳнат жамоаси ҳозирга қадар 15 тоннадан ортиқ сара узум етиштиришга эришган.
Айни пайтда ҳам токларда ҳосил салмоғи етарлича. Қора кишмиш, ҳусайни, беҳишти ва тойфи навларига мансуб серҳосил токзорда кузги мавсумда ўнга яқин ишчининг меҳнати билан ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари давом этмоқда. Боғбоннинг ҳисоб-китобларига кўра, мавсум якунига қадар яна 15 тоннага яқин узум олиш имконияти мавжуд.
Ҳудуддаги “Ойназаробод” фермер хўжалиги ҳам жами 24 гектар узумзорга эга. Бу ерда ҳар бир гектар майдондан ўртача 20 тоннадан ортиқ ҳосил олинаётгани миришкорларнинг йил давомидаги меҳнати самарасидир.
Меҳнат жамоаси жорий деҳқончилик мавсумида умумий салмоғи 450 тоннадан кам бўлмаган сархил узумни йиғиб, саранжомлаб, савдо расталари ва бозорлар орқали аҳоли дастурхонига етказиб бериш ҳаракатида.
Ҳозирги бозор нархлари асосида ҳисобланганда, ялпи ҳосилдан хўжалик меҳнаткашлари олиши кутилаётган даромад 1,6 миллиард сўмдан ошади. Йил давомида токзорларга сарфланган меҳнат ва харажатлар инобатга олинганда ҳам, эришилаётган даромад 12 кишилик жамоанинг моддий манфаатдорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Худди шундай, туманнинг “Зандани” ҳудудидаги “Қурбон Ашур” фермер хўжалигининг 4 гектарлик токзорида ҳам йил давомида меҳнат қизғин давом этмоқда. Хўжаликда ўндан ортиқ маҳаллий ишчи меҳнат қилиб, бир неча оиланинг бандлиги ва меҳнатига яраша даромад олиши таъминланмоқда.
Айни пишиқчилик мавсумида боғбонлар пешона тери эвазига ҳар гектардан 20 тоннадан ортиқ сара узум етиштиришга эришмоқда. Бу ерда олинаётган даромад салмоғи қарийб 400 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик ва фаровонлик — Пешкунинг қўли қадоқ, миришкор боғбонлари ва деҳқонларининг астойдил меҳнати самарасидир.
Бундай ташаббуслар маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш, ишсизликни қисқартириш, томорқа ва ер майдонларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туман ва вилоят мутасаддилари томонидан томорқа ер эгалари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, етиштирилган маҳсулотларни тез ва сифатли равишда аҳоли дастурхонига етказиш, зарур ҳолларда қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









