Бухорода пахта йиғим-терими мавсуми расман бошланди
2026-09-16 09:25:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида тегишли соҳа мутасаддилари, пахтачилик-ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, агросаноат мажмуасига дахлдор ташкилотлар, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар масъуллари, соҳа фахрийлари ҳамда илғор фермерлар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жам бўлди.
Тадбир аввалида Қуръон тиловат қилиниб, юртимизда тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларимиз тўкинлиги, деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати самарали бўлиши ҳамда мўл ҳосил йиғиб олиниши тилаб дуо қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, янги навларни синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига инновацион ёндашувларни татбиқ этиш тармоқ самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Пахтачиликда ҳам асосий эътибор нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, белгиланган муддатларда ва сифат талабларига мувофиқ йиғиб олишга қаратилмоқда.
Жорий йилда Бухоро вилоятида 3 122 та фермер хўжалигининг 85 минг гектар майдонида 450 минг тонна пахта хомашёси етиштириш белгиланган. Ўртача ҳосилдорлик 52,9 центнерни ташкил этиши режалаштирилган.
Етиштирилган ҳосилни қабул қилиш учун 9 та кластер ва кооперациянинг 32 та пахта қабул қилиш маскани мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган.
Пахта йиғим-теримини қисқа муддатларда ва самарали ташкил этиш мақсадида меҳнат ресурслари ҳам шакллантирилган. Хусусан, мавсум давомида 2 040 та отрядга 102 минг нафар теримчи жалб этилади.
Уларнинг 62,1 минг нафари фермер хўжаликлари аъзолари, 29,5 минг нафари уюшмаган аҳоли ҳамда 10,3 минг нафари шаҳар ва туман марказларидан ихтиёрий равишда теримда иштирок этадиган фуқаролардан иборат.
Терим жараёнида қўл меҳнати билан бир қаторда замонавий техника имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилади. Жорий йилда вилоятда 90 та янги пахта териш машинаси харид қилинган.
Умуман, мавсумга 128 та пахта териш машинаси жалб этилган бўлиб, улар орасида 65 та FM World, 36 та John Deere, 9 та Swan, 9 та Boshiran ҳамда 9 та Case, Kanza русумли техникалар мавжуд.
Йиғим-терим ишларининг узлуксиз ташкил этилиши учун 3 122 та транспорт трактори, 3 508 та тиркама ва теримчиларни ташишга мўлжалланган 610 та транспорт воситаси сафарбар этилган.
Мавсумда теримчилар учун зарур шароитларни яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 204 минг дона этак, 3 122 дона тарози, 3 122 дона қозон-ўчоқ, 3 122 дона самовар, 4 683 дона сув сақлаш баки ва 7 016 дона тиркама учун ёпинчиқ захираси яратилган.
Пахта териш машиналаридан самарали фойдаланиш ва иш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида 152 та махсус отряд ташкил этилган. Отрядларга жамоат хавфсизлиги ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ишларини мувофиқлаштириш учун Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлимларидан масъул ходимлар бириктирилган.
Шунингдек, вилоятнинг барча туманларида пахта ҳосилини сифатли ва қисқа муддатларда йиғиб олиш бўйича туман штаблари ташкил этилган.
Айни пайтда ҳудудларда мавсумнинг ҳар бир босқичини мувофиқлаштириш, техника ва транспорт воситаларидан унумли фойдаланиш, пахтани қабул қилиш ва сақлаш жараёнларини тизимли ташкил этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Эндиликда асосий вазифа — даладаги ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш, пахта хомашёсининг сифат кўрсаткичларини сақлаш, теримчилар учун зарур меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда мавсумни уюшқоқлик билан якунлаш.
Бухоро далаларида бошланган янги терим мавсуми деҳқон ва фермерларнинг бир йиллик машаққатли меҳнати самарасини намоён этади. Етиштирилган мўл ҳосилни баракали хирмонларга айлантириш йўлида мавсум иштирокчиларининг ҳамжиҳатлиги, масъулияти ва фидокорона меҳнати муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









