Қоровулбозорда аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
2026-09-15 15:50:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов, “маҳалла еттилиги” вакиллари, туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Учрашувда туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги мавжуд ҳолат, ишсиз фуқаролар сони, даромад манбалари, оилаларнинг эҳтиёж ва муаммолари, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш имкониятлари ҳамда фойдаланилмаётган захиралар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Муҳокамалар давомида айрим маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Ботир Зарипов ҳар бир маҳаллада муаммони умумий кўрсаткичлар орқали эмас, балки хонадонбай ва фуқаробай ўрганиш, ишсиз ва даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли учун аниқ ечим топиш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда мавжуд бўш иш ўринларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш бўйича вазифалар белгиланди.
Бунинг учун Қоровулбозорда мавжуд иқтисодий салоҳият, ер ва сув ресурслари, тадбиркорлик имкониятлари, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги захираларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллалардаги мавжуд бўш бинолар, ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларидан самарали фойдаланиш, уларни тадбиркорлик субъектларига жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди.
Муҳокамалар якунида ҳар бир маҳалла бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси шакллантирилиб, масъулларга аниқ вазифалар бириктирилди. Бунда асосий мезон сифатида бажарилган ишлар сони эмас, балки қанча оила доимий даромад манбаига эга бўлгани, қанча ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилгани ва камбағалликдан чиқарилганига эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнида “маҳалла еттилиги”, мутасадди ташкилотлар ва ҳудудий раҳбарларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, масъулият ва натижадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида вилоят ҳокими туман профилактика инспекторлари билан ҳам мулоқот қилиб, уларнинг фаолиятида учраётган муаммолар, таклиф ва ташаббусларини тинглади.
Профилактика инспекторлари фаолиятида асосий эътиборни жиноят содир этилгандан кейин чора кўришга эмас, балки унинг олдини олишга қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, профилактика инспекторлари олдига ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, муаммоли оилалар ва хавф гуруҳидаги шахслар билан манзилли ишлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини йўлга қўйиш, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари қўйилди.
Айниқса, оилавий низолар, ишсизлик, ижтимоий муаммолар ва бошқа омиллар туфайли ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган шахслар билан индивидуал ишлаш, уларнинг муаммоларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш муҳимлиги қайд этилди.
Профилактика инспекторларига маҳалладаги ижтимоий муҳитни чуқур ўрганиш, ҳар бир муаммоли хонадон бўйича аниқ профилактик чораларни белгилаш ва маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда натижадор ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Учрашув якунида белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида амалга оширилаётган ишларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ҳамда натижа бермаётган ёндашувларни қайта кўриб чиқиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Асосий мақсад — Қоровулбозор туманида ҳар бир оиланинг даромадини ошириш, ишсизликни бартараф этиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб меҳнат ва тадбиркорлик шароитларини яратиш ҳамда маҳаллаларда тинч ва барқарор муҳитни таъминлашдан иборат.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









