Ботир Зарипов: Фуқарони шунчаки иш билан таъминлаш эмас, балки унинг барқарор даромадга эга бўлишига эришиш — асосий мақсад
2026-09-15 14:10:00 / Янгиликлар

Йиғилишда 3 сентябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш ишларини мутлақо янги тартибда ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Эндиликда бу борада умумий рақамлар билан чекланиб қолиш эмас, балки ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаро бўйича аниқ ечим, барқарор иш ўрни ва реал даромад манбаини таъминлаш асосий мезон бўлиши лозимлиги айтилди.
Мазкур вазифаларнинг амалий ва молиявий механизмлари давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 11 сентябрь куни қабул қилинган “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан янада кучайтирилди.
Шундан келиб чиқиб, Вобкент туманида мавжуд барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир ишсиз ва кам даромадли оила учун манзилли ечим ишлаб чиқиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда мазкур Фармон билан туман штабларига берилган янги ваколат ва имкониятлар ҳақида ҳам сўз борди.
Эндиликда туман штаби қарорлари давлат органлари, ташкилотлар ҳамда давлат улуши мавжуд банклар учун мажбурий ҳисобланади.
2026 йил якунига қадар туман ва шаҳар штаблари ихтиёрига жами 1,7 триллион сўм ресурс йўналтирилиши белгиланган. Бу маблағлар оилавий ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, кредит фоизларини компенсация қилиш, Камбағалликни қисқартириш ҳамда Бандликка кўмаклашиш жамғармалари орқали йўналтирилади.
Бухоро вилояти бўйича Президент Фармони ижросини таъминлаш учун жами 236,3 млрд сўм молиявий ресурс мавжуд.
Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколатининг туман штабига берилиши ҳам бу борадаги имкониятларни кенгайтиради. Штаб лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб кредит миқдори, муддати, имтиёзли даври ва тўлов графигини белгилаши мумкин.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга ҳар бир оила учун 50 млн сўмдан, жами 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит ажратиш имконияти яратилган.
1 октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ва кичик ҳамда ўрта бизнес субъектлари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг 6 фоизгача қисми штаб қарори асосида компенсация қилиниши мумкин.
Йиғилишда мазкур имкониятлардан фойдаланишда асосий мезон маблағ қанча ажратилгани эмас, балки қанча лойиҳа ишга тушгани, қанча барқарор иш ўрни яратилгани ва қанча оиланинг даромади ошгани бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш давомида ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги меҳнатга лаёқатли фуқаролар ҳамда ишсизлар бўйича ўтказилган сўровнома натижалари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, туманда ижтимоий реестрга киритилган 1 минг 378 та оила мавжуд бўлиб, уларда жами 5 минг 245 нафар оила аъзоси яшайди.
Шундан 594 та оила давлат таъминотида бўлиб, уларда 2 минг 12 нафар оила аъзоси бор. 756 та оила камбағал оила тоифасига киритилган бўлиб, уларда 3 минг 133 нафар оила аъзоси мавжуд. Камбағаллик чегарасидаги 28 та оилада эса 100 нафар оила аъзоси бор.
Ўтказилган сўровнома натижасида туманда 2 минг 286 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаро мавжудлиги аниқланган.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳар бир камбағал оила аъзоси ва ишсиз фуқаро билан индивидуал ишлаш зарурлигини билдирди.
Бунда инсоннинг ёши, касби, меҳнат қобилияти, қизиқиши ва мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, унга мос иш ёки даромад манбаини белгилаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
“Фуқарони шунчаки иш билан таъминлаш эмас, балки унинг барқарор даромадга эга бўлишига эришиш — асосий мақсад”, — деди Ботир Зарипов.
Йиғилишда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Туманда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар, ишсиз хотин-қизлар, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларни аниқ мақсадли дастурларга жалб этиш зарурлиги айтилди.
Бунда ҳар бир маҳалладаги ёшлар ва хотин-қизларнинг имконияти, қизиқиши ва салоҳиятидан келиб чиқиб, уларни мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорликка йўналтириш бўйича индивидуал ёндашувни кучайтириш вазифаси белгиланди.
Айниқса, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва имтиёзли молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Хотин-қизлар учун эса уй шароитида даромад келтирадиган фаолият турларини кенгайтириш, ҳунармандчилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш, иссиқхона ва паррандачилик каби йўналишларни ривожлантириш имкониятларидан фойдаланиш зарурлигига урғу берилди.
Бунда фақат бандлик кўрсаткичини ошириш эмас, балки хотин-қизлар ва ёшларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва оила даромадига қўшаётган ҳиссасини кучайтириш асосий мақсад бўлиши лозим.
Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилаётган имтиёзли кредит ресурсларини ҳар бир маҳаллада аниқ лойиҳа ва ташаббусларга боғлаш, маблағ ажратилганидан кейин унинг натижадорлигини ҳам назорат қилиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.
Бу борада “маҳалла еттилиги”, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар, депутатлар ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тумандаги мавжуд ресурс ва имкониятлар таҳлили Вобкентда иш ўринлари яратиш учун салоҳият етарли эканини кўрсатмоқда.
Хусусан, 39 та маҳалладаги 48 та корхона ва ташкилотда ҳозирнинг ўзида 404 та бўш иш ўрни бор.
2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган 18 та инвестиция лойиҳаси ҳисобига 686 та янги иш ўрни яратиш мумкин. Амалга оширилиши бошланган яна 6 та лойиҳа кейинги босқичда 160 та иш ўрни яратиши кутилмоқда.
Тумандаги саноат корхоналари фаолияти ҳам алоҳида таҳлил қилинди.
Жами 369 та саноат корхонасининг 105 таси фаолиятсиз. Фаол корхоналарнинг айримларида эса мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Мавжуд корхоналар фаолиятини тиклаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳисобига 1,17 мингга яқин қўшимча иш ўрни яратиш имконияти бор.
Ер майдонларини самарали ўзлаштириш ҳисобига эса яна 1,2 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш мумкин.
Умуман, Вобкентда камида 3,1 минг нафар аҳоли учун барқарор иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Шу боис тумандаги муаммони иш ўрни ёки ресурс етишмаслиги билан изоҳлаб бўлмайди. Асосий масала — мавжуд имкониятларни ҳар бир фуқарога манзилли боғлаш ва уларни реал натижага айлантириш.
Йиғилишда эҳтиёжманд ва даромади паст оилаларга ресурсларни умумий тарзда тақсимлашдан воз кечиб, уларнинг имконияти ва шароитидан келиб чиқиб тайёр даромад пакетлари шакллантириш зарурлигига урғу берилди.
Жумладан:
чорвачилик учун — наслли мол, ветеринария хизмати ва озуқа режаси;
қўйчилик учун — наслли қўй, ветеринария хизмати ва маҳсулотни сотиш занжири;
иссиқхона учун — тайёр парник, кўчат ёки уруғ, агротехник кўмак ва харидор;
паррандачилик учун — парранда, озуқа, эмлаш ва маҳсулотни сотиш тизими.
Бунда асосий мақсад оилаларга шунчаки маблағ ажратиш эмас, балки уларни доимий ва барқарор даромад манбаига олиб чиқишдан иборат.
Йиғилиш якунида туман штаби, банклар, тармоқ ташкилотлари ва “маҳалла еттилиги”га ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаро бўйича аниқ ечим ишлаб чиқиш, мавжуд ресурсларни манзилли йўналтириш ва натижадорликни кунлик назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, бу жараёнда нуронийлар, отинойилар ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Вобкентда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун зарур ресурс ва имкониятлар етарли. Энди асосий эътибор ушбу имкониятларни самарали ишга солиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳар бир оиланинг даромадини оширишга қаратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









