Жондор: «Қозикенти» — кичик ишлаб чиқаришдан саноат кластери сари
2026-09-12 18:50:00 / Янгиликлар

Шундай ҳудудлардан бири — «Қозикенти» маҳалласи. Бу ерда аҳоли йиллар давомида шакллантирган тажриба асосида қурилиш соҳасида харидоргир бўлган алюминий эшик ва ромлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Маҳалланинг «М-37» «Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши» халқаро автомобиль йўли ёқасида жойлашгани эса ишлаб чиқарувчилар учун муҳим логистик устунлик бермоқда. Хомашё ва тайёр маҳсулотларни ташиш харажатларининг нисбатан камлиги маҳсулот таннархи ва якуний нархини пасайтириш, шу орқали унинг бозордаги рақобатбардошлигини ошириш имконини бермоқда.
Айни пайтда маҳалланинг 200 дан ортиқ хонадонида тарқоқ ҳолда йўлга қўйилган ишлаб чиқаришни тизимлаштириш мақсадида 4 гектар майдонда замонавий саноат марказини барпо этиш режалаштирилган.
Мазкур ҳудудда умумий қиймати 35,7 миллиард сўмлик 72 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига йилига 68 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, бюджетга 2,7 миллиард сўм тушум тушириш ҳамда 350 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Ҳудудни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишда «Бир маҳалла — битта маҳсулот» тамойили ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Бу ёндашувда ҳар бир маҳалланинг ўзига хос имкониятлари, аҳолида шаклланган касбий кўникмалар, тадбиркорлик тажрибаси ҳамда ҳудуднинг табиий ва логистик устунликларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
«Қозикенти» маҳалласида алюминий профилдан эшик ва ромлар ишлаб чиқаришнинг ривожланиб бораётгани ҳам айнан шу имкониятларнинг натижасидир.
Масалан, туман марказида алюминий профилдан тайёрланган маҳсулотнинг бир квадрат метри ўртача 600–700 минг сўмни ташкил этса, «Қозикенти»да тайёрланаётган маҳсулот нархи 300–400 минг сўм атрофида шаклланмоқда. Бу эса маҳаллада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг нарх жиҳатидан рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Энг муҳими, бу ердаги ишлаб чиқариш фақат алоҳида хонадонлар даромадини ошириш билан чекланиб қолмаяпти. Уни бир жойга жамлаш ва замонавий саноат инфратузилмаси билан таъминлаш орқали маҳаллада янги иқтисодий муҳит яратиш имкони пайдо бўлмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида маҳаллада саноат зонаси ташкил этиш учун 4 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқарилган. Тадбиркорларнинг ташаббуслари асосида эса 70 дан ортиқ истиқболли бизнес лойиҳалар шакллантирилган.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 350 нафар фуқаро муқим ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
«Қозикенти» тажрибасининг эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда хонадонларда шаклланган кичик оилавий ишлаб чиқаришни ягона тизимга бирлаштириш орқали уни саноат кластери даражасига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Логистик қулайлик, маҳаллий аҳолининг йиллар давомида тўплаган тажрибаси, тадбиркорлик ташаббуси ва замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси бир нуқтада уйғунлашса, маҳалланинг ўзи янги иқтисодий ўсиш нуқтасига айланиши мумкин.
«Қозикенти»даги бу тажриба эса бир маҳалла — бир маҳсулот — янги иш ўринлари — барқарор даромад тамойилини амалиётда намоён этаётган истиқболли ташаббуслардан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





