Қоракўл: Қаймоқчида эҳтиёжманд оилалар учун чорва моллари ярмаркаси ўтказилди
2026-09-12 18:45:00 / Янгиликлар

Навбатдаги шундай тадбир Қаймоқчи қишлоғидаги “Barhayot Muhammad Rajab” фермер хўжалигида ўтказилди. Хўжалик эҳтиёжманд ва чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган оилалар учун наслли чорва молларини етказиб беришда иштирок этиб, уларга оилавий даромадини ошириш имкониятини яратмоқда.
Ярмаркада аҳолига бозор нархларига нисбатан қулай шартларда наслли қорамоллар таклиф этилди. Фуқаролар ўз эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб, сигир-бузоқ, ҳўкиз ёки қўй харид қилишлари мумкин.
Қаймоқчи қишлоғида фаолият юритаётган “Barhayot Muhammad Rajab” фермер хўжалиги 2019 йилда ташкил этилган. Бўрдоқичиликка ихтисослашган хўжалик 3 гектар майдонда барпо этилган 2 та павильонда чорва молларини парваришламоқда. Айни пайтда хўжаликдаги наслли қорамоллар сони 2200 бошга етган.
Фермада маҳаллий “Қизилчўл” зотидан ташқари, “Greenford”, “Angus”, “Abrikos” ва “Simmental” зотларига мансуб наслдор қорамоллар ҳам парваришланмоқда.
— Фаолиятимизни “Қизилчўл” ва бошқа маҳаллий зотларга мансуб 300 бош қорамол билан бошлаганмиз. Кейинчалик “Халқ банки”нинг вилоят филиалидан 2 миллиард сўм кредит маблағи олдик. Унга ўз маблағларимизни ҳам қўшиб, асосан Россиядан наслдор чорва молларини олиб келдик, — дейди фермер Марат Ражабов. — Шу йиллар давомида умумий қиймати 22 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига қорамол, қўй ва йилқилар харид қилиниб, бўрдоқичилик йўналиши изчил ривожлантирилди.
Фермада парваришланаётган чорва молларини озуқа билан таъминлаш мақсадида 66 гектар экин майдони ажратилган. Унда буғдой, маккажўхори, беда, тариқ, арпа ва бошқа озуқа экинлари етиштирилмоқда.
Айни кунда 14 нафар ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда жорий йилнинг дастлабки уч ойида қарийб 60 тонна мол гўшти ва 20 тонна атрофида қўй гўшти аҳоли дастурхонига етказиб берилди. Шунингдек, хўжаликда 250 бош йилқи парваришланмоқда. Бўрдоқичилик йўналишида бир йилда қарийб 1 миллиард сўмлик от гўшти тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.
Ярмаркани ўтказишдаги муҳим жиҳатлардан бири — аҳолининг чорва молларини харид қилиши учун зарур маблағни топиш масаласи ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилаётганидир.
Тижорат банклари вакиллари ярмаркада иштирок этиб, чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредит маблағларини расмийлаштириш бўйича амалий кўмак кўрсатмоқда.
Яъни фуқаро чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирса, ўзига зарур чорва молини шу ернинг ўзида танлайди, уни харид қилиш учун кредит масаласини эса банк масъуллари билан бевосита ҳал этиши мумкин. Бу эса аҳоли учун вақт ва ортиқча оворагарчиликни тежаш билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини тезроқ бошлаш имконини бермоқда.
Шу куни ўтказилган ярмаркада 200 нафардан зиёд аҳоли иштирок этди. Улар ўз эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб, йирик ва майда шохли чорва молларини танлашди.
Зеро, бугун харид қилинган бир бош қорамол ёки қўй эртага хонадон учун доимий даромад манбаига айланиши, оила иқтисодий барқарорлигини таъминлаши мумкин. Шу маънода, эҳтиёжманд оилаларни чорва моллари билан таъминлашга қаратилган бундай ярмаркалар аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим амалий қадам бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









