Ботир Зарипов Қоракўл туманида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини ўрганди
2026-09-10 18:25:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар давомида туманда мазкур йўналишда жорий этилган янги тизим, маҳаллалар кесимида олиб борилаётган манзилли ишлар, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Қоракўл туманидаги 45 та маҳалланинг ҳар бирига алоҳида масъул раҳбарлар бириктирилиб, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда хонадонбай ишлаш тизими йўлга қўйилган. Бунда ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг аниқ механизмларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туман миқёсида ўтказилган хатлов ва сўровномалар натижасида 3 минг 871 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш имконияти аниқланган. Уларнинг 2 минг 853 нафари ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирган. Бу аҳоли орасида мустақил меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш ва ўз даромад манбаини шакллантиришга қизиқиш юқори эканини кўрсатади.
Вилоят ҳокимига туманда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ҳам маълумот берилди.
Хусусан, 2026 йил январь–август ойларида 22 минг 856 нафар фуқарони банд қилиш режаси белгиланган бўлса, амалда 26 минг 499 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 19 минг 713 нафар фуқаро учун даромад манбаи яратилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни ишга тушириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Ҳисобот даврида 260 та микролойиҳа амалга оширилиб, улар доирасида 4 минг 297 та янги иш ўрни яратилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича эса 5 минг 822 нафар фуқаро қамраб олинган.
Молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг январь–август ойларида Қоракўл туманидаги микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига 322 миллиард сўм кредит ажратилган. Натижада белгиланган режа 107 фоизга бажарилган.
Ўрганиш жараёнида туманда мавжуд иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги ва юқори даромад келтирадиган лойиҳаларни шакллантириш, тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектларини қайта ишга тушириш, муаммоли лойиҳаларни манзилли ўрганиб, уларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги микролойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Вилоят ҳокими масъулларга ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон кесимида ишлашни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунда асосий эътиборни фақат статистик кўрсаткичларга эмас, балки аҳолининг реал даромадини ошириш, барқарор бандлигини таъминлаш ва оилаларни камбағалликдан чиқаришга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларни амалга оширишга қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Айниқса, ҳар бир маҳалланинг мавжуд салоҳияти, аҳолининг касб ва кўникмалари, ҳудуддаги ресурслар ҳамда бозор талабидан келиб чиқиб, даромадли фаолият турларини йўлга қўйиш муҳимлиги белгиланди.
Ўрганиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда Қоракўл туманини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Асосий мақсад — ҳар бир хонадоннинг даромад манбаини кўпайтириш, аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришни рақамлар эмас, реал натижалар билан таъминлашдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









