Пешку туманида ишлаб чиқариш салоҳияти кенгаймоқда
2026-09-10 17:30:00 / Янгиликлар

Шулардан бири “Mirxon Madiyor Agrotex” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган донни қайта ишлаш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа нафақат туманда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш, донни қайта ишлаш ва ундан турли нон ҳамда нон маҳсулотлари тайёрлаш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг тоннани ташкил этиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 13,5 миллиард сўмга етказиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — янги иш ўринларининг яратилишидир. Хусусан, корхона фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 20 та янги иш ўрни ташкил этилади. Бу эса, айниқса, маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаини яратиш, ишсиз фуқароларни доимий меҳнат билан таъминлаш имконини беради.
Ишлаб чиқариш корхонасининг фаолияти туман иқтисодиётига солиқ тушумлари орқали ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Лойиҳа натижасида йилига 800 миллион сўм миқдорида солиқ ва мажбурий тўловлар тушиши кутилмоқда.
Умуман, “Mirxon Madiyor Agrotex” МЧЖнинг мазкур лойиҳаси Пешку туманида саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, донни қайта ишлаш ҳамда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кенгайтирилиши ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятларини ошириб, туман иқтисодиётида ишлаб чиқариш тармоғининг улушини янада кўпайтиришга замин яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



