Ромитанда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-10 15:50:00 / Янгиликлар

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, халқ дастурхонини тўкин қилиш мақсадида серҳосил узум навларини маҳаллийлаштириш ва токзорларни замонавий усулларда барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Боғитуркон” ҳудудида “Файзулло Сардор Шўробод”, “Бозор Мирхон”, “Нормурод-Ниёз”, “Шуҳрат Улуғ” хўжаликлари ҳамда “BCT Cluster Agrokompleks” пахта-тўқимачилик кластери ерларининг бир қисмида боғ ва токзорлар барпо этилган. Бу лойиҳалар, аввало, меҳнат жамоалари эҳтиёжларини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ аҳолиси даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, туманнинг “Ҳожа Уббон” чўл массивида қарийб 1 минг гектар ер майдонини ободонлаштириш ишлари бошланган. Бу ерда Фарғона вилояти тажрибаси асосида узумчиликни ривожлантириш ва интенсив токзорлар барпо этишга жиддий киришилган.
Чўл ҳудудини обод ва кўкаламзор масканга айлантириш катта меҳнат, вақт ва маблағ талаб этади. Массивда водий услубида токзор-узумзорлар барпо этиш мақсадида 80 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган.
Айни пайтда икки йилдан буён 1 минг гектар майдонда барпо этилаётган токзорларда йилига 3 минг тоннадан ортиқ сара узум ҳосили олишга қаратилган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнга боғдорчилик соҳасида чуқур билим ва тажрибага эга мутахассислар, шунингдек, тажрибали боғбонлар жалб этилган.
Яқин йилларда мазкур ҳудуддаги токзорлар тўлиқ ҳосилга кириши натижасида 300 дан ортиқ ишчи-деҳқон оиласининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Куни кеча “Боғитуркон” маҳалласида серҳосил ва интенсив боғ-токзорлар барпо этиш лойиҳаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда соҳанинг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 июндаги “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-108-сонли Фармони соҳани янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Семинарда қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, 200 нафарга яқин боғбон, фермер, агроном ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида эскирган ва самарадорлиги паст боғ-токзорлар ўрнида янги интенсив боғлар ташкил этиш, серҳосил узум навларини кенгайтириш, ҳосилдорликни ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва хўжаликларни имтиёзли банк кредитлари орқали қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Жанубий Америкадаги Чили давлатидан келган юқори малакали мутахассис Кристиан Родригес ҳамда Туркиядан ташриф буюрган Муҳаммад Янер иштирок этди.
Хорижий мутахассислар фермерларга интенсив боғларни ташкил этиш, кўчатларни тўғри танлаш ва жойлаштириш, уларни парваришлаш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича амалий тавсия ва тажрибаларини баён этдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









