Ғиждувонда 150 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилди
2026-09-09 18:10:00 / Янгиликлар

Ёз ойларидан буён 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам мукаммал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, муассаса замонавий қиёфа касб этди. Илгари 100 ўринли мослаштирилган бинода фаолият юритган мазкур муассасада реконструкция ишлари якунлангач, энди 150 нафар жажжи ўғил-қизга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Замонавий андозалар асосида икки қаватли муассасани барпо этиш учун жами 3 миллиард 785 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш ишларини “Fast quality” МЧЖнинг пудратчи ишчи ва мутахассислари амалга оширди.
Муассасанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда мактабгача таълим ташкилоти жамоаси иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар замонавий ва шинам мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар ёш авлоднинг жисмоний ва ақлий ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, малакали тарбиячи-педагоглар болаларнинг саводхонлигини ошириш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.
Талаб даражасида жиҳозланган муассасада болажонларни сифатли таълим ва тарбия билан қамраб олиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, саводхонлик ва машғулот хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, ошхона, ётоқхона, санитария тармоғи ҳамда иссиқлик тизими тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.
Янги муассасанинг ишга туширилиши натижасида 20 дан ортиқ янги иш ўрни ҳам яратилди.
Очилиш маросимида рамзий алвон лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари муассасада болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим тизимида яратилаётган бундай замонавий шароитлар болажонларни сифатли таълим ва тарбия билан таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилади.
Маълумот учун, Ғиждувон туманида мактабгача ёшдаги, яъни 3–7 ёшли болалар сони 25 минг 400 нафардан ошган. Айни пайтда уларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 95 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда туманда 48 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 328 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









