Шофиркон: эҳтиёжманд оилалар ўз танловига кўра чорва молларига эга бўлмоқда
2026-09-09 15:15:00 / Янгиликлар

Айниқса, аҳолига ўз имконияти ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар, тадбиркорлик, чорвачилик каби йўналишларни танлаш имконияти берилаётгани мазкур саъй-ҳаракатларнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлмоқда. Бу эса эҳтиёжманд оилаларнинг фақат бир марталик ёрдам олиши эмас, балки ўз меҳнати орқали барқарор даромад манбаига эга бўлишига замин яратмоқда.
Жумладан, куни кеча ҳудуддаги “Greenford chorva” МЧЖ томонидан 300 бош майда шохли чорва моли олиб келиниб, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 200 дан ортиқ эҳтиёжманд оилага тарқатилди.
Бунда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида талабгор оилаларга ажратилган имтиёзли кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Яъни, фуқароларнинг хоҳиш-истаги ва мавжуд имкониятлари инобатга олиниб, улар учун чорвачилик билан шуғулланишга шароит яратилмоқда.
Худди шундай, “Zafarsher-25” МЧЖ томонидан наслли қорамоллар олиб келиниб, маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизлик реестрида турган юзга яқин оилага тарқатилди.
Мазкур ташаббуслар натижасида қарийб 300 та эҳтиёжманд оила чорвачилик билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш ва келгусида барқарор даромад манбаига эга бўлиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, оилаларга тайёр даромад эмас, балки ўз меҳнати билан даромад топиш имкони берилаётир.
Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “камбағалликни қисқартириш — оилага шунчаки ёрдам бериш эмас, балки уни барқарор даромадга олиб чиқиш” тамойилининг амалдаги ифодасидир.
Таҳлилларга кўра, айни пайтга келиб туманда барча тоифадаги хўжаликларда парвариш қилинаётган йирик шохли чорва моллари сони 152 715 бошга етказилган. Шундан 7 900 бошдан зиёди фермер хўжаликларида, 148 900 бошдан ортиқ чорва моллари эса деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади.
Чорвачиликда парваришланаётган сигирлар сони ҳам салмоқли бўлиб, бугунги кунда уларнинг умумий сони 44 431 бошни ташкил этмоқда. Жумладан, фермер хўжаликларида 2 390 бош, деҳқон хўжаликларида эса 41 700 бошдан зиёд сигир парваришланмоқда.
Аҳоли хонадонларида чорва моллари туёқ сонининг изчил ортиб бораётгани оилаларнинг қўшимча даромад манбалари кенгайиб, уларнинг иқтисодий имкониятлари мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Чорвачиликни ривожлантиришда чорва молларининг саломатлиги ва парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда ҳудудда ветеринария-санитария талабларига мувофиқ, чорвачилик тармоғи ҳамда аҳоли хонадонларида парваришланаётган қорамол ва қўй-эчкиларни назоратга олиш, санация қилиш, молхона ва қўраларни тозалаш, маҳаллий нуриларни чиқариш, ободонлаштириш, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш каби профилактик тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар чорва молларини турли касалликлардан асраш, маҳсулдорликни ошириш ва хонадонларда чорвачиликни самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳими, туманда маҳаллалар “еттилиги” кўмагида камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш, оилаларни тадбиркорликка жалб этиш ва эҳтиёжманд хонадонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай амалий лойиҳалар изчил давом эттирилади.
Зеро, ҳар бир оиланинг ўз меҳнати билан даромад топиши, ўзини ўзи банд қилиши ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши — камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўлларидан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









