Бухорода “Freedom 250 Roadshow” кўчма кўргазмаси ўтказилмоқда
2026-09-09 12:45:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Ҳезер Бернс иштирок этишди.
Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп ўртасидаги очиқ, ишончли ва дўстона мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим асос бўлаётгани қайд этилди.
Эътиро фэтилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил ноябрь ва 2026 йил февраль ойларида Америка Қўшма Штатларига амалга оширган икки амалий ташрифи муносабатларимизда янги босқични бошлаб берди. Оқ уйдаги олий даражадаги музокаралар, “C5+1” саммити, АҚШ ҳукумати, молия институтлари ва етакчи компаниялари билан учрашувлар стратегик шерикликни кенгайтириш учун замин яратди. Энг муҳими, олий даражадаги келишувлар ҳудудлараро алоқаларни ҳам фаоллаштирди. Бугун Ўзбекистон ҳудудлари АҚШ штатлари, шаҳарлари, университетлари, туризм, бизнес ва маданият муассасалари билан амалий натижага йўналтирилган муносабатларни ривожлантирмоқда. Бухоро ва Санта-Фе шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган яқин биродарлик алоқалар бунинг ёрқин мисолидир.
Бухоро вилояти ҳам яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. 2025 йилнинг ноябрь–декабрь ойларида вилоятимиз делегацияларининг Америка Қўшма Штатларига икки амалий ташрифи ташкил этилди. Ҳар икки сафар иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни аниқ натижалар билан бойитишга хизмат қилди.
Даставвал, Бухоро вилояти раҳбарияти бошчилигидаги делегация Теннесси, Калифорния, Небраска, Техас ва Невада штатларида АҚШнинг йирик компаниялари ва ишбилармон доиралари билан музокаралар ўтказди. Якунларда умумий қиймати 850 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва 200 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувлар шакллантирилди.
Хусусан, замонавий тиббиёт ва меҳмонхона мажмуалари, стартапларни қўллаб-қувватлаш дастурлари, рақамли хизматлар маркази, сув тежовчи суғориш технологиялари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинди.
Сан-Франциско шаҳрида “Bukhara–US Invest-Trade Cooperation Center” — Бухоро–АҚШ инвестиция ва савдо ҳамкорлик марказининг ташкил этилгани эса ишбилармонлик алоқаларини доимий асосда давом эттириш учун амалий механизм бўлди.
Яна бир ташриф Санта-Фе, Вашингтон, Флорида, Нью-Йорк ва Нью-Жерсини қамраб олди. Унда туризм, маданият, ҳунармандчилик, таълим, тиббиёт ва маданий мерос соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.
Санта-Фе билан ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш, халқаро фестивалларга америкалик ҳунарманд ва экспертларни жалб этиш, туристлар алмашинувини кўпайтириш ҳамда таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинди. Шунингдек, Жаҳон ёдгорликлар жамғармаси билан Бухородаги тарихий уйлар ва маданий мерос объектларини асраш юзасидан мулоқот йўлга қўйилди.
Бу мулоқотлар самарасида 2026 йил февраль ойида Америка делегацияси Бухорога ташриф буюрди ва халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Бухоронинг туристик салоҳияти Нью-Йорк шаҳри машҳур Таймс-сквери экранларида намойиш этилгани ҳам бизларни ўзаро кенгроқ танитишга хизмат қилмоқда.
— Мазкур сафар ва учрашувларнинг энг қимматли жиҳати — Бухоро ва Америка ўртасидаги мулоқотнинг аниқ лойиҳалар ва жонли инсоний алоқаларга айланаётганидир. Бугун ҳунармандлар, олимлар, тадбиркорлар, туризм вакиллари ва ёшлар бир-бири билан бевосита фикр ва тажриба алмашмоқда. Мустаҳкам дўстлик ва узоқ муддатли шериклик айнан шундай муносабатлардан бошланади, - деди Ботир Зарипов.
Вилоят ҳокими Бухоро учун таълим, инновация, замонавий технологиялар, инвестиция, тадбиркорлик ва туризм соҳаларида АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга эканини билдириб, мазкур тадбир янги алоқалар ва истиқболли лойиҳалар учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилишини ҳам қайд этди.
Ҳезер Бернс эса ўз нутқида “Freedom 250 Roadshow” лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, тадбир орқали Америка Қўшма Штатларининг таълим, инновация, технология, бизнес ва маданият соҳаларидаги имкониятлари кенг жамоатчиликка тақдим этилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда ёшлар, таълим ва инновацияларнинг ўрни муҳим экани ҳақида сўз юритилди.
Қайд этиш лозимки, Бухорода икки кун давом этадиган тадбир доирасида ташриф буюрувчилар интерактив кўргазмалар билан танишиш, АҚШда таълим олиш имкониятлари, халқаро таълим дастурлари ва академик алмашинув лойиҳалари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида америкалик ва ўзбекистонлик мутахассислар билан бевосита мулоқотлар, янги ғоялар, замонавий технологиялар ва инновацион ташаббуслар тақдимотлари ташкил этилмоқда.
“Freedom 250 Roadshow” Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенг жамоатчиликка янада яқинроқ танитиш, айниқса, ёшларни янги билим ва имкониятлар билан қамраб олишга хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари учун ташкил этилган интерактив майдонлар ва очиқ мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари ва янги истиқболларини намоён этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









