Шофиркон: "Нурия Султон чеварлари" каби цехлар — аёллар ижтимоий муаммоларига ечим
2024-09-16 10:15:00 / Янгиликлар

Маҳаллий тадбиркор Гулсара Каримова томонидан ўтган йили 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи асосида барпо этилган бу корхона айни кунда буюртма асосида фаолиятини йўлга қўйган. Чеварлар цехида ўндан ортиқ маҳаллий аёл иш билан таъминлаган бўлиб, ҳозирда улар қўлидан сифатли ва экспорт даражасидаги чойшаб тўпламлари тикиб тайёрланмоқда.
Туман Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари М. Тилавова, вилоят ИИБ Хотин-қизлар бўлим бошлиғи Х.Тоирова, вилоят ИИБнинг масъул ходимлари Н.Абзалова, М.Якубова, туман ИИБ жамоат хавфсизлик хизмати катта инспектори Г.Очилова шу каби корхона ва цехларда бўлишиб, меҳнат жамоаларига яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
"Нурия Султон чеварлари" келажакда ишчилар малакаси билан бирга буюртмалар ассортименти ва экспортни ошириш, тикувчиликка янги технологияларни татбиқ қилиш орқали ривожланишга интилмоқда. Бу нафақат маҳаллий, балки халқаро бозорлар учун ҳам рақобатбардош маҳсулотлар яратишда муҳим қадам бўлади. Гулсара Каримова сингари тадбиркорлар ташаббуслари мамлакатимизда аёлларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишдаги муҳим ҳаракатлардан десак, муболаға эмас.
Худди шундай, “Шибирғон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ижтимоий муҳофазага муҳтож, оғир шароитда яшаётган оилалар ва улардаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида яна бир муҳим ташаббусга қўл урилди.
Ҳудудда тикув цехи ташкил қилиниб, 20 нафар ишсиз аёл бандлиги таъминлангани улар оилавий аҳволи яхшиланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ташаббус натижасида оилалар бекалари ҳар ойда 2 миллион сўм атрофидаги даромадига эга бўлиб, рўзғор кам-кўстини бартараф этишмоқда.
Айни кунда мазкур цехда бўз матосидан қўл сумкалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллий ҳокимлик ва ички ишлар ходимлари тикув цехида бўлишиб, бунда ишлаётган чеварлар билан мулоқот қилдилар. Цех фаолиятини кенгайтириш, маҳсулдорликни оширишга доир маслаҳатлашиб олинди. Муҳими, бу ташаббус ижтимоий масалага ечим бўлиб, имкон қадар кўпроқ аёлларга ёрдам кўрсатиш чораси кўрилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, қишлоқ жойида муаммоли оилалардаги аёллар учун бу цех нафақат молиявий “ўзини ўнглаш” имконияти, балки, уларнинг жамиятдаги ижтимоий ўрни ва мавқеини ошириш, ўз салоҳиятини намоён этиши учун қулай имкониятдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








