Давлат бюджети ижтимоий йўналишининг кучайтирилиши: таълим ва соғлиқни сақлашга ажратмалар
2026-09-08 17:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги янада кучайиб бормоқда. Бу, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини молиялаштириш мисолида яққол намоён бўлади.
2024–2026 йиллар мисолида кўрадиган бўлсак, Ўзбекистон давлат бюджети динамикаси бу тенденцияни яққол кўрсатади. 2024 йилда давлат бюджети харажатларида таълим учун 69,1 трлн сўм, соғлиқни сақлаш учун 33,4 трлн сўм назарда тутилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 95,1 трлн ва 41,3 трлн сўмга етди. 2026 йил бюджетида эса таълим учун 100,3 трлн сўм, соғлиқни сақлаш учун 48,9 трлн сўм ажратиш белгиланган.
Бу рақамлар таълим харажатлари 2024 йилга нисбатан 2026 йилда қарийб 45 фоизга, соғлиқни сақлаш харажатлари эса қарийб 46 фоизга кўпайганини кўрсатади. Демак, ижтимоий соҳага молиявий эътибор нафақат сақланиб қолмоқда, балки айрим йўналишларда сезиларли даражада кучайтирилмоқда.
2024–2026 йиллар динамикасида Бухоро вилояти мисолига назар ташласак, бир томондан, ҳудуд маҳаллий бюджетининг харажатлар базаси кенгайиб бораётганини, иккинчи томондан эса бюджет маблағларининг аҳоли ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи соҳаларга йўналтирилаётганини кўрамиз.
Бухоро вилояти бюджет ҳажми ўсмоқда
Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг харажатлари 2024 йилда 4 трлн 593,5 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 5 трлн 267,1 млрд сўмга, 2026 йилда эса 6 трлн 129,8 млрд сўмга етказилган.
Шундай қилиб, икки йил давомида вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлари қарийб 1 трлн 536 млрд сўмга, яъни 33 фоиздан ортиққа ошган.
Бу рақамнинг ўзи ҳали ижтимоий тараққиётни англатмайди. Муҳими — қўшимча молиявий ресурслар қаерга ва қандай натижа олиш мақсадида сарфланаётганида.
Айнан шу нуқтаи назардан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари алоҳида аҳамият касб этади.
Таълим - харажат эмас, инсон капиталига инвестиция
Ҳар қандай мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий салоҳияти, аввало, инсон капиталига боғлиқ. Шу сабабли таълимга ажратиладиган маблағларни оддий бюджет харажати сифатида эмас, келажак иқтисодий ўсишга киритилаётган инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон миқёсида таълим харажатлари 2024 йилда 69,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 100,3 трлн сўмга етди. 2026 йил Давлат бюджети доирасида ижтимоий соҳа харажатлари 220,1 трлн сўм этиб белгиланган бўлиб, унинг энг катта қисми таълим тизимига тўғри келади.
Бухоро вилоятида ҳам мазкур умуммиллий сиёсат конкрет объектлар ва натижалар орқали намоён бўлмоқда.
2025 йилда вилоятда жами 809 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шундан 249 таси мактаб, 317 таси мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларга мос равишда 371,2 млрд ва 211,5 млрд сўм маблағ йўналтирилган.
Бу рақамлар жами ҳисобда таълим инфратузилмасига 582,7 млрд сўм йўналтирилганини кўрсатади.
Аммо, 2026 йилда бу жараён янада кенгайди.
Йилнинг биринчи ярмида Бухоро вилоятида 151 та умумтаълим мактаби ва 85 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 24 542 та янги ўқув ўрни яратилди, яна 6 760 та мавжуд ўрин замонавий талаблар асосида таъмирланди. Ушбу ишларга 1,4 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
Демак, бюджет маблағларининг самараси фақат молиявий кўрсаткичда эмас, балки яратилган таълим инфратузилмасида ҳам кўринади.
Хўш, рақамлар ортида қандай натижа бор?
Таълим соҳасига йўналтирилаётган маблағларни учта асосий йўналишга ажратиш мумкин:
Биринчиси - инфратузилмани янгилаш.
Мактаблар ва боғчаларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш орқали таълим олиш учун зарур физик муҳит яратилмоқда.
Иккинчиси - қамровни кенгайтириш.
Янги ўқув ўринларининг яратилиши аҳоли сони ўсиб бораётган ҳудудларда таълим муассасаларига бўлган эҳтиёжни қоплаш имконини беради.
Учинчиси - таълим сифатини ошириш.
Замонавий жиҳозлар, рақамли технологиялар, янги баҳолаш тизимлари ва сунъий интеллект элементларининг таълим жараёнига кириб келиши бюджет харажатларининг сифат жиҳатдан янги босқичга ўтаётганидан далолат беради.
Масалан, 2026 йилда Бухоро шаҳрида таълим муассасаларига кузатув камералари ўрнатиш, ҳожатхоналарни таъмирлаш ҳамда айрим мактабларда сунъий интеллектни жорий этиш учун ҳам бюджет маблағлари ажратилган.
Бу эса «мактаб қуриш» тушунчасининг мазмуни ўзгараётганини кўрсатади. Энди гап фақат бино ҳақида эмас, балки хавфсиз, рақамлашган ва замонавий таълим муҳитини яратиш ҳақида бормоқда.
Соғлиқни сақлаш: маблағнинг асосий мезони - инсон саломатлиги
Соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларни баҳолашда ҳам шунга ўхшаш ёндашув талаб этилади.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш харажатлари 2024 йилда 33,4 трлн сўм бўлган бўлса, 2026 йилда 49 трлн сўм этиб режалаштирилган. Бу икки йилда қарийб 47 фоизлик ўсишни англатади. 2026 йилда ижтимоий соҳа учун ажратилаётган 220,1 трлн сўмнинг салмоқли қисми тиббиёт тизимига йўналтирилмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам тиббиёт объектларини модернизация қилиш давом этмоқда.
Дастурлар доирасида вилоятда 177 та тиббиёт объектида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, бу ишларга 157 млрд сўм маблағ йўналтирилган.
Бу рақамлар тиббиёт соҳасида бюджет сиёсатининг муҳим жиҳатини кўрсатади: маблағ нафақат муассасаларни сақлашга, балки уларнинг моддий-техник базасини янгилашга ҳам хизмат қилмоқда.
Тиббиётда эса инфратузилманинг аҳамияти ниҳоятда катта. Замонавий диагностик ускуна, таъмирланган операция хонаси, янги тиббий жиҳоз ёки яхши ташкил этилган бирламчи тиббий ёрдам пункти — буларнинг барчаси пировардида инсон ҳаёти ва саломатлигига таъсир қилади.
Ижтимоий бюджетнинг янги мезони: қанча эмас, қандай натижа?
2024–2026 йиллар динамикасининг энг муҳим жиҳати шундаки, ижтимоий харажатларни фақат маблағ ҳажми билан баҳолаш тобора етарсиз бўлиб қолмоқда.
Масалан, таълимга 1,4 трлн сўм сарфлангани муҳим рақам. Аммо ундан ҳам муҳимроғи - бу маблағ ҳисобига 24,5 мингдан ортиқ янги ўқув ўрни яратилгани.
Шунингдек, тиббиётга 157 млрд сўм ажратилгани муҳим, аммо бу маблағ ҳисобига қанча муассаса замонавийлаштирилгани, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати қанчалик яхшилангани янада муҳимроқ.
Шу маънода замонавий бюджет сиёсатида «харажат → натижа → ижтимоий самара» занжири асосий баҳолаш мезонига айланиши керак.
Хулоса ўрнида: инсон капитали - бюджет сиёсатининг бош мезони
Бухоро вилояти мисолидаги 2024–2026 йиллар таҳлили бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги рақамларда ҳам, реал ҳаётдаги ўзгаришларда ҳам акс этмоқда.
Маҳаллий бюджет харажатларининг 4,59 трлн сўмдан 6,13 трлн сўмгача ўсиши ҳудуднинг молиявий имкониятлари кенгайганини кўрсатса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳалар ушбу ресурсларнинг инсон ҳаётига йўналтирилаётганини кўрсатади.
Бугун мактабга сарфланган маблағ эртага билимли мутахассис сифатида қайтиши, тиббиётга йўналтирилган инвестиция эса соғлом ва меҳнатга қобил аҳоли шаклида иқтисодиётга ҳисса қўшиши мумкин.
Шу билан бирга, кейинги босқичда асосий эътиборни маблағларнинг ҳажмини ошириш билан бир қаторда уларнинг натижадорлиги, манзиллилиги ва ҳар бир сарфланган сўмнинг аҳоли учун яратаётган ижтимоий самарасини баҳолашга қаратиш мақсадга мувофиқ. Чунки ижтимоий бюджетнинг ҳақиқий самараси ажратилган маблағ миқдори билан эмас, балки сифатли таълим олган ёшлар, замонавий тиббий хизматдан фойдаланган аҳоли ва яхшиланган ҳаёт шароити билан ўлчанади.
Демак, ижтимоий бюджет - бу фақат бугунги эҳтиёжларни молиялаштириш эмас. У, аввало, Бухоронинг ва бутун мамлакатнинг эртанги тараққиётига киритилаётган инвестициядир.
Ҳамза Рўзиев,
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати
