Шофиркон: йиғим-терим олдидан “John Deere-9970” русумли юқори унумдор комбайнлар харид қилинди
2026-09-08 10:40:00 / Янгиликлар

Хусусан, “Zarhal teks” МЧЖга қарашли “Дўрман” пахта қабул қилиш маскани ҳудуддаги пахта етиштирувчи хўжаликлар учун муҳим агроиндустриал масканлардан бири ҳисобланади.
Мазкур пахта қабул қилиш маскани тасарруфида 500 гектар экин майдони мавжуд бўлиб, юздан ортиқ фермер хўжалиги билан тузилган шартномалар асосида жами 3 минг гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган.
Шунингдек, масъулияти чекланган жамият Жондор, Бухоро ҳамда Ғиждувон туманларидаги фермер хўжаликлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ, жорий йилда жами 10 минг тонна пахта хом ашёсини Шофиркон туманидаги қайта ишлаш корхонасига етказиб бериш режалаштирилган.
Корхонада мавжуд 20 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, мазкур фаолият орқали 200 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланмоқда.
Куни кеча “Zarhal teks” МЧЖнинг “Дўрман” пахта қабул қилиш масканида яна бир янгилик рўй берди. Ҳудудда яқин кунларда бошланадиган пахта йиғим-теримини янада самарали ташкил этиш, ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиштириб олиш мақсадида қиймати 19,5 миллиард сўм бўлган 3 та замонавий “John Deere-9970” русумли пахта териш комбайни харид қилинди.
Мазкур юқори унумдор комбайнлар 76 схемада ишлаш имкониятига эга бўлиб, бир сутка давомида 40 гектар майдондаги пахтани йиғиштириб олиш қувватига эга. Шунингдек, комбайн терилган пахта хом ашёсини даланинг ўзидаёқ тойлаб, уни ташиш ва транспортировка қилишда қатор қулайликлар яратади.
Янги авлод пахта териш комбайнларининг ишга туширилиши нафақат пахта йиғим-терими самарадорлигини оширади, балки ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олиш, меҳнат унумдорлигини юксалтириш ҳамда замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш имконини беради.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва инновацион ёндашувлардан самарали фойдаланиш мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. “Zarhal teks” МЧЖда амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар эса пахта етиштиришдан тортиб, уни қабул қилиш ва қайта ишлашгача бўлган жараёнларни замонавий асосда ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






