Хитойлик олимлар Бухоро чўл массивидаги агротехник тадбирлар билан танишдилар
2026-09-07 14:50:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти табиати ва атроф-муҳитини муҳофаза қилиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, «Яшил белбоғ» барпо этиш, сув ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлаш масалалари доирасида Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий муассасалар олимлари вилоятда бўлдилар.
Хусусан, Шинжон экология ва география институти профессори Чан Цунь ҳамда Хитой Фанлар академиясининг Шимоли-шарқий география ва агроэкология институти профессори Рен Чунъин раҳбарлигидаги олимлар делегацияси Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси, профессор Шавкат Имомов ва Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Бухоро минтақавий маркази директори, профессор Шуҳрат Шодиев ҳамроҳлигида вилоятнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Жумладан, Қоровулбозор тумани ҳудудидан ўтувчи «Аму-Бухоро» ирригация тармоғи бўйидаги кенг чўл массивида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Бу ерда саксовул, исириқ, юлғун сингари табиий чўл ўсимликлари билан бир қаторда маҳаллий иқлим шароитига мос манзарали ўсимликларни экиб, кўпайтириш, ҳудудни шамол ва қум кўчишидан муҳофаза қилиш мақсадида «Яшил белбоғ» барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, вилоятнинг чўл массивларида, хусусан, Қизилқум ва Қорақум ҳудудларида «Яшил буфер зона» ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа доирасида 250 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этиб, суғориладиган ерлар ва аҳоли пунктларини қум кўчишларидан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Дастлабки босқичда 109 минг гектар майдонда «Яшил буфер зона» яратиш, келгуси 15 йил давомида чўл иқлимига мос саксовул, юлғун, янтоқ, каврак каби ўсимликлар, шунингдек, доривор гиёҳ ва ўсимликларни кўпайтириш, писта плантациялари ҳамда узумзорларни кенгайтириш режалаштирилган.
Бу жараёнда энг мақбул уруғ ва кўчатларни танлаш, уларни чўл шароитида парваришлаш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш каби масалалар муҳим илмий ёндашувни талаб этади.
Ташриф давомида чўл ҳудудларида ўсадиган шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни парваришлаш, уларни самарали суғориш тизимларини йўлга қўйиш, шунингдек, ҳудуднинг географик хусусиятлари ва тупроқнинг сув сақлаш қобилиятини ошириш бўйича илмий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Хитойнинг чўл зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар ва ўсимликларни экиш ҳамда парваришлаш бўйича тўпланган тажрибани Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларига мослаштириш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, хитойлик олимлар Қоровулбозор туманидаги «Чўлқувар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 300 гектар майдонда пахта, ғалла ва бошқа сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётган «Oltin boshoq cho‘lquvar» МЧЖ далаларида ҳам бўлдилар.
Абдурасул Бозоров раҳбарлик қилаётган агрокорхона далаларида пахтачиликда «Шинжон» усулидан фойдаланилиши, жумладан, «Xin Lu Zao-87» ва бошқа серҳосил навларни парваришлаш жараёни ҳамда ҳозирги кунда олиб борилаётган агротехник тадбирлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф якунида Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида экологик барқарорликни таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чўлланишнинг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






