Бухоро давлат университетида 2026/2027 ўқув йилининг бошланиши, “Талабаликка бағишлов” тадбири ҳамда 2700 ўринли янги замонавий ўқув биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
2026-09-07 11:20:00 / Янгиликлар

Тадбирни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов очиб, университет жамоаси ва талаба-ёшларни янги ўқув йили ҳамда янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди.
Вилоят раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва Бухоро давлат университетида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг аҳамиятига тўхталди.
“Бугунги тадбир фақат янги ўқув йилининг бошланиши эмас. Бу — ёшларимиз учун янги имкониятлар эшиги очилаётгани, таълим ва илм-фанга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий ифодаси, Бухоро таълим тизими тараққиётидаги муҳим қадамдир”, — деди Ботир Зарипов.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, бугун фойдаланишга топширилаётган янги мажмуа ҳам университет тараққиётининг муҳим босқичларидан биридир. Университетнинг ўз маблағлари ҳисобидан 86,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 2 700 ўринли ўқув биноси, Қуёш физикаси илмий-тадқиқот лабораторияси, Ахборот-ресурс маркази ва 400 ўринли талабалар турар жойидан иборат замонавий кампус барпо этилди.
Мазкур мажмуада минглаб талабалар учун замонавий аудиториялар, рақамли ва инновацион таълим муҳити яратилди. Бу эса ёшларнинг сифатли таълим олиши, илмий-тадқиқот ва ижодий изланишлар олиб бориши учун янги имкониятларни очмоқда.
Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан университетнинг келгуси тараққиёти учун янада катта ва стратегик қадамлар ташланмоқда. Хусусан, 30,2 гектар майдонда Бухоро давлат университетининг янги замонавий кампуси барпо этилмоқда. Мазкур кампус таркибида 20 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 5 400 ўринли талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилган.
Ушбу улкан лойиҳа университетнинг таълим ва илм-фан салоҳиятини янада кенгайтириш, талабалар учун замонавий ва қулай муҳит яратиш билан бирга, Бухоронинг мамлакатимиздаги замонавий таълим ва илм-фан марказларидан бири сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбирда Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Хамидов сўзга чиқиб, университет жамоаси, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларни янги ўқув йили билан самимий табриклади.
Ректор, айниқса, университет сафига янги қўшилган биринчи босқич талабаларини “БухДУ талабаси” деган шарафли номга сазовор бўлгани билан қутлаб, уларни яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, пухта билим эгаллаш, илмий ва ижодий изланишларда фаол бўлишга чақирди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ҳам сўзга чиқиб, талаба-ёшларни янги ўқув йили билан табриклади. Ёшларни билим олиш, илм-фан ва маърифат йўлида изланиш, замонавий ахборот ва медиа муҳитида фаол бўлишга чақирди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров сўзга чиқиб, талаба-ёшларга эзгу тилакларини билдирди. У ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, юксак билим ва дунёқарашга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган етук мутахассислар бўлиб камол топишининг муҳим аҳамиятини таъкидлади.
Тадбирда университетда таълим сифати ва илмий фаолиятни янада ривожлантириш, талабаларнинг замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши учун зарур шароитларни кенгайтириш янги ўқув йилидаги устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.
Тантанали тадбир доирасида 2700 ўринга мўлжалланган янги замонавий ўқув биносининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Маросимда фахрий меҳмонлар томонидан рамзий қизил лента кесилиб, янги ўқув биноси расман фойдаланишга топширилди. Университет жамоасига янги бинонинг рамзий калити тантанали равишда тақдим этилди.
Янги ўқув биносида замонавий аудиториялар, таълим ва илмий фаолият учун мўлжалланган хоналар, талабалар учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Тадбир иштирокчилари янги ўқув биноси ва университетда барпо этилган замонавий инфратузилма объектлари билан танишиб, талабаларнинг сифатли таълим олиши, илмий изланишлар олиб бориши ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллаши учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот олдилар.
Қайд этилганидек, янги ўқув биноси университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш ва талаба-ёшлар учун замонавий таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Янги ўқув йилининг илк кунида фойдаланишга топширилган мазкур замонавий мажмуа Бухоро давлат университети ҳаётида янги имкониятлар ва юксак марралар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









