Ромитан: “Ромитан” маҳалласида замонавий ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди
2026-09-07 09:50:00 / Янгиликлар
Аҳоли учун қулай шарт-шароитни яратиш, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг замонавий билим олиши ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратиш мақсадида Ромитан туманида ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда туманда баркамол авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаси сифатида "Ромитан" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам замонавий андозадаги ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-454-сонли қарори асосида амалга оширилди.
Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ихтисослашган таълим муассасалари агентлигининг Ромитан туман ихтисослаштирилган мактаби 336 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўқувчи ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун зарур имкониятларни яратишга йўналтирилган замонавий спорт биносини ўз ичига олади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Инвестиция дастури доирасида 20,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ўтган ойларда олиб борилган қурилиш ишлари натижасида замонавий талабларга жавоб берадиган, ўқувчилар учун қулай ва шинам таълим муҳитига эга бўлган янги мажмуа қад ростлади.
Янги мактабнинг фойдаланишга топширилиши, аввало, ҳудудда таълим олаётган болалар учун муносиб шароит яратилгани билан аҳамиятлидир. Шинам ўқув хоналари, зарур инфратузилма ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Янги мактабни фойдаланишга топшириш тадбирида
туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, фахрий ўқитувчилар ҳозир бўлишиб, янги таълим муассасаси жамоаси ва ёшларни самимий муборакбод этдилар. Янги ўқув йилининг бошланиши, ихтисослаштирилган мактабнинг фойдаланишга топширилиши ҳамда Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эзгу тилаклар билдирилди.
Янги мактаб — нафақат янги бино, балки янги имкониятлар, янги орзулар ва келажак сари қўйилган муҳим қадам эканлиги таъкидланди. Туманда бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. Янги таълим масканлари эса ҳудуд тараққиёти ва аҳоли фаровонлигининг муҳим омилидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









