Қишлоқ хўжалигида кластер тизими: деҳқон даромади ва қишлоқ фаровонлиги
2026-09-04 22:05:00 / Янгиликлар

Бу жараёнда кластер тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, кластер — фақат маҳсулот етиштириш билан чекланадиган тизим эмас. У хомашёни етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиб беришгача бўлган яхлит иқтисодий занжирни қамраб олади.
Энг муҳими, бундай ёндашув деҳқон ва фермер учун кафолатланган бозорни шакллантириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва барқарор даромад олиш имкониятини кенгайтиради.
Бухоро вилоятида бугунги кунда 11 та кластер фаолият юритмоқда. Улар орасида «Бухоро Агрокластер» МЧЖ фаолияти соҳадаги ўзгаришларнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Мазкур кластер хомашё етиштиришдан уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжирни шакллантирди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қўшилган қийматини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти кенгайди.
Кластер тизимининг энг муҳим афзалликларидан бири ҳам шунда — маҳсулотни хомашё ҳолатида сотиш ўрнига уни маҳаллий шароитда қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотга айлантириш.
Жумладан, пахтани чуқур қайта ишлаш орқали унинг иқтисодий қийматини 3–4 баробар ошириш имконияти яратилмоқда.
2021–2024 йилларда «Бухоро Агрокластер» томонидан умумий қиймати 129,09 млн. АҚШ доллари, яъни 1 678,15 млрд. сўм бўлган 20 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Инвестицияларнинг 73,6 фоизи кластернинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган.
Вобкентда йилига 10 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилиб, 700 та янги иш ўрни яратилди.
Шофирконда йилига 16,4 млн. дона тайёр кийим ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Бухоро АЗТЕКС» мажмуаси ишга туширилиб, 1 200 та иш ўрни яратилди.
Шунингдек, Хоразмда «Астра глобал» трикотаж-бўяш мажмуаси, Бухорода сутни қайта ишлаш корхонаси, Пешку ва Ғиждувонда ёғ-мой корхоналари, Когонда дон маҳсулотлари мажмуаси каби лойиҳалар амалга оширилди.
Буларнинг ҳар бири ҳудудда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, қишлоқ аҳолиси учун янги даромад манбалари ва иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда.
Замонавий технология — кам харажат ва юқори самарадорлик
Кластерлаш жараёни саноат билан бир қаторда бевосита деҳқончилик маданиятига ҳам янги ёндашувларни олиб кирмоқда.
Замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали сув ва минерал ўғитлардан тежамкор фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш имконияти яратилмоқда.
Жумладан, 225 553 гектар майдонда тупроқ таҳлил лабораториялари ва «SMART MAP» рақамли тизими жорий этилди.
Томчилатиб суғориш ва рақамли хариталаш технологиялари ҳисобига сув сарфи 30–35 фоизга, минерал ўғитлар сарфи эса 20 фоизга қисқартирилди.
Шунингдек, 2 минг гектар янги ва ташландиқ ер ўзлаштирилиб, 563 та замонавий техника ва агрегат харид қилинди.
Хитойнинг «Chjuntay» ва «Бухара Чжунчжен» компаниялари билан ҳамкорликда 2 минг гектарда илғор технологиялар асосида пахта етиштириш ҳамда 7 500 тонналик уруғлик чигитни қайта ишлаш йўлга қўйилди.
Бу жараёнларнинг иқтисодий самараси эса, аввало, деҳқон ва фермернинг даромадида намоён бўлади. Ресурслар тежалади, ҳосилдорлик ошади, маҳсулот сифати яхшиланади ва пировардида соф даромад кўпаяди.
Кластерларнинг яна бир муҳим ижтимоий аҳамияти — қишлоқ ҳудудларида доимий ва барқарор иш ўринларини яратишдир.
2021–2024 йилларда биргина «Бухоро Агрокластер» томонидан 4 030 та янги муқим иш ўрни яратилди. Бу, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизлар ва ёшлар учун муҳим имкониятдир.
Жорий йилнинг етти ойи давомида вилоят бўйича 49 минг 576 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Шундан 2 минг 421 нафари йирик инвестиция лойиҳалари доирасида ишга жойлаштирилган бўлса, 17 минг 302 нафар хотин-қизнинг бандлиги қишлоқ хўжалиги ва фермерлар кенгаши тизими орқали таъминланган.
Демак, кластерлар нафақат ишлаб чиқаришни, балки қишлоқ оилаларининг даромадини ошириш ва уларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим омилга айланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида кластерлаш жараёни янги босқичга кирмоқда. 2026–2027 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 397,5 млн. АҚШ доллари, яъни 5 167,5 млрд. сўм бўлган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳалар доирасида 7 100 та янги иш ўрни яратилиши ва йиллик 111,5 млрд. сўм бюджет тушуми таъминланиши кўзда тутилган.
Хусусан, Вобкентда 272,3 млн. долларлик тўқимачилик кластери ташкил этилиб, 7 мингта янги иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг экспорт салоҳияти 78,7 млн. долларга баҳоланмоқда. Йиллик бюджет тушуми эса 106,7 млрд. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Қоровулбозор туманида 7 млн. долларлик чорвачилик — сут ва гўшт йўналишидаги лойиҳа амалга оширилиб, 100 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа натижасида йиллик 4,8 млрд. сўм бюджет тушуми таъминланиши режалаштирилган.
Бугун кластер тизимига фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг янги усули сифатида қараш етарли эмас.
Кластер — бу қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, экспортни кўпайтириш ва, энг муҳими, деҳқон ҳамда фермерларнинг даромадини оширишга хизмат қиладиган яхлит иқтисодий механизмдир.
Зеро, аграр соҳадаги ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси қанча маҳсулот етиштирилгани билан эмас, балки шу маҳсулотдан деҳқон қанча даромад олгани, қишлоқда қанча янги иш ўрни яратилгани ва аҳоли турмуши қай даражада яхшилангани билан белгиланади.
Шу маънода, кластер тизимининг энг катта ютуғи — ерни, меҳнатни ва технологияни бирлаштириб, қишлоқ аҳолиси учун барқарор даромад ва муносиб ҳаёт шароитини яратишидир.
Ҳафиза Артикова,
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати,
аграр соҳа бўйича комиссия раиси
