Бухорода замонавий футбол академияси фойдаланишга топширилди
2026-09-02 20:50:00 / Янгиликлар

Янги мажмуанинг ишга туширилиши Бухоро футболи тарихида муҳим воқеа бўлиб, воҳада футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва тарбиялаш, улар учун замонавий спорт инфратузилмасини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Қайд этиш жоизки, Бухоро воҳаси юртимиз футболи тарихида алоҳида ва муносиб ўринга эга. Қурбон Бадалий, «Пахтакор-79» сафида номи мангуга муҳрланган Равил Агишев ва Владимир Собиров, шунингдек, миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилган Шавкат Саломов, Илдар Магдеев, Жасур Ҳасанов, Улуғбек Бақоев, Нурилло Ҳабибов, Усмон Тошев каби маҳоратли футболчилар айнан шу заминда футбол сабоқларини олган.
Бугунги кунда ана шу бой анъаналарни давом эттириш, Бухоро футболида янги авлод истеъдодларини кашф этиш ва уларни жаҳон футболи талаблари асосида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, илгари Шофиркон туманида жойлашган Бухоро Футбол академияси Бухоро шаҳрига кўчирилди. Академиянинг янги манзилда фаолият юритиши учун замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган яхлит спорт мажмуаси барпо этилди.
Умумий қиймати қарийб 50 миллиард сўмни ташкил этган мажмуада спортчиларнинг машғулот ўтказиши, яшаши ва таълим олиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Хусусан, бу ерда 10 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони, халқаро стандартларга мос табиий ва сунъий футбол майдонлари, ёпиқ футзал зали, тарбияланувчилар учун 200 ўринли ётоқхона, замонавий ошхона ва бошқа зарур инфратузилма объектлари барпо этилди.
Янги мажмуанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 10 минг ўринли стадион вилоятнинг бош стадиони қурилиб, фойдаланишга топширилгунига қадар «Бухоро» профессионал футбол клубининг асосий уй майдони вазифасини бажаради.
Бу эса футболчилар ва мухлисларга Бухоронинг ўзида юқори даражадаги учрашувларни ўтказиш ва жамоанинг муҳим баҳсларда ўз майдонида тўп суриш имконини беради.
Айни пайтда Бухоро Футбол академиясида 154 нафар иқтидорли ёш таҳсил олмоқда. Улар учун спорт машғулотлари билан бир қаторда яшаш ва таълим олиш имкониятларининг ягона мажмуада мужассамлаштирилгани ёш футболчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Янги академияда тарбияланаётган ёшларнинг келгусида профессионал футболда ўз ўрнини топиши, аввало, «Бухоро» футбол клуби, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафини муносиб футболчилар билан тўлдириши учун мустаҳкам пойдевор яратилди.
Янги спорт мажмуаси нафақат профессионал футболчиларни тайёрлаш, балки Бухорода футбол оммавийлигини янада ошириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, замонавий Футбол академияси ва спорт мажмуасининг очилиши Бухоро футболи учун янги давр бошланганидан далолат беради.
Эндиликда бу ерда янги истеъдодлар кашф этилади, ёш футболчилар катта спорт сари илк қадамларини қўяди ва Бухоро футболи тарихига янги номлар кириб келиши учун кенг имкониятлар яратилади.
Академиянинг янги мажмуаси фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Футбол академияси тарбияланувчилари ва мураббийлар, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги замонавий спорт мажмуасининг очилиши билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, мазкур академия Бухоро футболида шаклланган бой анъаналарни муносиб давом эттириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг профессионал футболда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Янги мажмуада яратилган замонавий инфратузилма ёш футболчиларнинг мунтазам машғулот олиб бориши, спорт маҳоратини ошириши ва юқори натижаларга эришиши учун кенг имкониятлар яратади.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари мажмуада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, футбол майдонлари, футзал зали, тарбияланувчилар учун мўлжалланган ётоқхона ва ошхона ҳамда бошқа инфратузилма объектлари кўздан кечирилди.
Янги спорт мажмуаси Бухоро футболида янги истеъдодларни кашф этиш, ёш авлодни спортга кенг жалб қилиш ва воҳа футболида янги зафарли саҳифаларни яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








