Бухорода Ўзбекистон–Япония маркази шаҳар ваколатхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2026-09-02 19:55:00 / Янгиликлар

Мазкур воқеа Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни Бухоро вилоятида янада ривожлантириш, айниқса, таълим, инсон капитали, тадбиркорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар изчил ривожланиб, амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Ушбу ҳамкорликнинг самарали натижаларини Бухоро вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон–Япония маркази Бухоро шаҳар ваколатхонаси 2007 йил 28 мартда ўз фаолиятини бошлаган. Ўтган йиллар давомида Марказ Бухоро ёшлари, тадбиркорлари, мутахассислари ва кенг жамоатчилик учун билим, тажриба ва халқаро мулоқот майдонига айланди. Шу давр мобайнида Марказ хизматлари, таълим дастурлари ва турли тадбирларидан фойдаланганлар сони 300 минг нафардан ошди. Бу рақамлар Марказнинг Бухоро ижтимоий-маърифий ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, сўнгги бир йилда Марказга 25 минг нафардан ортиқ киши ташриф буюрди. 300 нафардан зиёд ёшлар ва мутахассислар япон тилини ўрганиш имкониятига эга бўлди. Қарийб 200 та маданий-маърифий тадбир ташкил этилиб, уларда 4 мингдан ортиқ киши иштирок этди.
Ушбу натижалар замирида эса, аввало, янги билим ва касбий кўникмаларни эгаллашга интилаётган ёшлар, Япония тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдираётган тадбиркорлар, мутахассислар ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган фаоллар турибди.
Фойдаланишга топширилган янги бино Марказ фаолиятини янада кенгайтириш ва замонавий талаблар асосида янги хизматларни йўлга қўйиш учун зарур шароитларни яратади.
Эндиликда бу ерда бизнес-таълим, бизнес-консалтинг, корпоратив таълим, япон тилини ўқитиш ҳамда халқаро таълим ҳамкорлиги йўналишларидаги лойиҳа ва дастурларни янада кенгайтириш имконияти пайдо бўлади. Айниқса, тадбиркорлар ва мутахассислар учун Япониянинг илғор бошқарув усуллари, ишлаб чиқариш маданияти ва самарадорликни ошириш тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Бухорода “PMP-50” дастурининг ўзбек тилида йўлга қўйилгани ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Япониянинг машҳур “Кайдзен” ёндашувини жорий этиш бўйича ишлар ҳам маҳаллий корхона ва ташкилотларда самарадорлик, сифат ва бошқарув маданиятини ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Бундан ташқари, ўтказилиши режалаштирилаётган “Japan Education Fair” кўргазмаси ёшлар ва мутахассисларнинг Япония таълим тизими, университетлар ва халқаро таълим имкониятлари ҳақида бевосита маълумот олишига хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон–Япония муносабатларида таълим ва инсон капитали масалалари алоҳида ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, янги бинонинг очилиши нафақат инфратузилмавий янгиланиш, балки Бухорода ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш, уларнинг хорижий тилларни ўрганиши, халқаро таълим дастурларида иштирок этиши ҳамда касбий салоҳиятини ошириши учун янги имкониятлар яратилишини англатади.
Янги масканда ёшлар, тадбиркорлар ва мутахассислар учун билим ва тажриба алмашиш, янги ғояларни муҳокама қилиш, ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун янада қулай муҳит шаклланади.
Шу маънода, янги бино келгусида нафақат таълим олиш, балки янги ташаббуслар туғиладиган, янги ҳамкорликлар йўлга қўйиладиган ва инновацион ғоялар қўллаб-қувватланадиган муҳим майдонга айланиши кутилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов Япония Ҳукумати, Япониянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси, JICA ҳамда Ўзбекистон–Япония марказининг барча ҳамкорларига Бухоро вилоятида инсон капитали, таълим ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирди.
Қайд этилганидек, бугун очилаётган янги бино икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаларини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Бу ерда янги билимлар эгалланади, илғор тажрибалар ўрганилади, янги лойиҳалар шаклланади ва энг муҳими, Ўзбекистон ҳамда Япония халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув янада мустаҳкамланади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон–Япония маркази Бухоро шаҳар ваколатхонасининг янги биноси вилоятда таълим, тадбиркорлик, маданият ва инсон капитали соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган замонавий масканлардан бирига айланади.
Рамзий лента қирқилиб, йиғилган марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









