27-июн — Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
2024-06-27 11:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.
Дарҳақиқат бугун жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта эканлигини барчамиз теран ҳис қиламиз.
Миллий матбуотимиз асосчилари ҳисобланган жадид боболаримизнинг: “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим” деган фикрлари гўёки ҳозирги кунимизда туриб айтилгандек.
Зеро, ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”дир.
Ушбу ниҳоятда шиддатли ижод жараёнида халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда бухоролик журналистлар фаолликларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ҳозирги кунда вилоятимизда 2 та телевидение, 2 та радио, 30 га яқин газета ва журнал, 97 та матбаа корхонаси ҳамда 17 та нашриёт ижодкор ва техник ишчи-ходимлари Ватанимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, мислсиз юксалишлар жараёнини кенг ёритиш ва тарғиб этишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Вилоятимиздаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини янада кенгроқ миқёс ва аудиторияда фаол тарғиб этилишида республика телеканаллари ва газеталари, интернет нашрларининг вилоятимиздаги ўз мухбирлари, ижодий ва техник ходимлари беназир ҳисса қўшиб келишмоқда.
Уларнинг орасида интернет журналистикаси миллий ахборот майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, замон талаблари асосида янгиланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.
Шу билан бирга давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Қадрли журналистлар!
Шу ўринда матбуотнинг халқ билан мулоқотдаги самараси, унинг аҳоли билан нечоғлик яқинлигини ўзимнинг қайсидир маънодаги Сизларга ҳамкасблигим, яъни ижтимоий тармоқдаги шахсий каналим фаолияти орқали ҳам бевосита амин бўлдим.
Айтиш жоизки, канал юрита бошлаганимга бир ойча вақт бўлганига қарамай, 5 минг нафардан ошиқ фуқаролар дарду ташвишлари, таклиф ва режалари билан танишдим. Улар қўйган масалалар ечими йўлида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бир сўз билан айтган телеграмм канали аҳоли билан мулоқот сифатини янги босқичга кўтарди.
Азиз дўстлар!
Барчамиз яхши тушунамизки, бугун биз яшаётган шиддатли ХХИ аср, ҳаётимизга кескин суръатлар билан кириб келаётган глобаллашув жараёнлари оммавий ахборот воситалари ва журналистларимиз олдига янада муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.
Бу ўринда гап журналистнинг нафақат истеъдоди ва маҳорати ҳақида, айни пайтда ўз фуқаролик масъулияти, ҳамиша давр билан ҳамнафас бўлиб, жамиятдаги ўткир муаммоларни дадил кўтариб чиқиши, қисқа қилиб айтганда, халқ манфаати, эл-юрт дарди ва истиқболи учун, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, адолат ва ҳақиқат қарор топиши учун куйиб-ёниб яшаши ҳақида бормоқда.
Шу маънода, ўзини юртпарвар деб ҳис қиладиган ҳар бир журналистнинг Янги Ўзбекистонимиз тараққиётини мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, бугунги нотинч замонда, айниқса ён-атрофимиздаги вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда дўстни душмандан, оқни қорадан ажратишга, аҳолимизни доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этишда ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида аҳамиятга эга.
Бу эса матбуот аҳлининг тез ўзгариб бораётган ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб яшашини, тараққиёт сирларини эгаллаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан тўла фойдаланишга эришишни, ўз устида доимий ишлашини тақозо этади, албатта.
Азиз дўстлар!
Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.
Сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, касбингиздан доимо барака топиб юринг, эл назаридан қолманг, дейман. Оилангиздан фаровонлик, дастурхонингиздан тўкин-сочинлик аримасин.
Барчангизга Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини кўриб яшаш насиб этсин.
Меҳнат ва ижод завқи сизларни ҳеч қачон тарк этмасин.
Эътиборингиз учун раҳмат!
