Истиқлол туҳфаси: Шофирконда 5 та таълим маскани янгиланиб, фойдаланишга топширилди
2026-08-31 11:20:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан туманда 25-, 53-, 28-, 16- ва 40-сонли умумтаълим мактабларининг янги ва реконструкция қилинган бинолари, шунингдек, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг қўшимча биноси фойдаланишга топширилди.
Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан “Қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш” дастури доирасида “Бобур” маҳалласидаги 25-сонли умумтаълим мактаби тубдан реконструкция қилинди. Бунинг учун 4,3 миллиард сўм маблағ сарфланиб, таълим муассасаси барча қулайликларга эга замонавий даргоҳга айлантирилди.
Айни пайтда мактабда 30 нафар малакали педагог 490 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Педагогларнинг 8 нафари олий, 10 нафари биринчи ва 8 нафари иккинчи малака тоифасига эга.
53-сонли умумтаълим мактабида ҳам катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Дастур доирасида эски бино капитал таъмирдан чиқарилиб, 120 ўринга мўлжалланган янги ўқув корпуси барпо этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,696 миллиард сўмни ташкил этди.
1994 йилда ташкил этилган мазкур таълим муассасасида бугунги кунда 8 нафар олий ва 7 нафар биринчи тоифали педагог фаолият юритиб, ўқувчиларга замонавий билим ва тарбия бермоқда.
Шунингдек, 28-сонли умумтаълим мактаби ҳам замонавий қиёфа касб этди. Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмагида “Қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш” дастури доирасида таълим масканини янгилаш ишларига 4,664 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда мактабда 48 нафар педагог 600 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.
“Боғиафзал” маҳалласидаги 16-сонли умумтаълим мактаби учун эса Инвестиция дастури доирасида 4,560 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 300 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Янги маскан ўқувчилар учун замонавий ва қулай таълим муҳитини яратиш имконини берди.
40-сонли умумтаълим мактабида ҳам кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Давлат дастури доирасида 6,2 миллиард сўм маблағ эвазига мактаб замонавий талаблар асосида янгиланди ва 240 ўринли қўшимча бино барпо этилди. Натижада таълим муассасасининг умумий ўқувчи сиғими 480 нафарга етказилди.
Шунингдек, “Мирзоқул” маҳалласидаги 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги қўшимча биноси ҳам фойдаланишга топширилди. 1989 йилда қурилган асосий бино ёнига 90 ўринли янги бино қўшилиб, муассасанинг умумий сиғими 166 нафар болага етказилди.
Мазкур бунёдкорлик ишлари Ислом тараққиёт банки гуруҳи иштирокидаги “Қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш” дастури доирасида амалга оширилиб, янги биноларни барпо этиш ва муассасани ривожлантириш учун 3,168 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Тантаналарнинг энг қувончли лаҳзалари, шубҳасиз, мактаб остонасини илк бор ҳатлаб ўтаётган 1-синф ўқувчилари билан боғлиқ бўлди. Туман ҳокими жажжи ўқувчилар билан самимий суҳбатлашиб, уларга янги ўқув йилида омад ва муваффақиятлар тилади. Болажонларга давлатимиз раҳбари номидан тайёрланган махсус совғалар — ўқув қуроллари тантанали равишда топширилди.
Мактабгача таълим ташкилотида эса кичкинтойларга китоблар совға қилиниб, уларнинг илм олиш ва китобхонликка бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Болажонлар учун турли кўнгилочар чиқишлар намойиш этилди.
Тадбирлар давомида таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва янги биноларни барпо этишда фаол иштирок этган масъул идоралар, қурувчи ҳамда пудратчи ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирилди.
Президентимиз қарорлари ва давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар Шофиркон туманини “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” сифатида комплекс ривожлантириш, аҳолига муносиб шароит яратиш ҳамда ёш авлодга сифатли таълим бериш йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Энг муҳими, янгиланган ва замонавий таълим масканлари ёш авлоднинг пухта билим олиши, илғор кўникмаларни эгаллаши, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









