Қоровулбозорда Фавқулодда вазиятлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2026-08-29 15:15:00 / Янгиликлар

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Фавқулодда вазиятлар бўлимининг биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур объектни капитал таъмирлаш ишлари учун 2 миллиард 252 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Мирзо Баракат Строй” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Янги бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддилари, соҳа ходимлари, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларга тайёргарлик кўриш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда фавқулодда вазиятлар хизмати зиммасига юклатилган вазифалар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ёнғин, табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолига биринчи навбатда зарур ёрдам кўрсатиш ва хавфсизлик чораларини таъминлашда соҳа ходимларининг тезкорлиги ва профессионал маҳорати муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Фавқулодда вазиятлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилиши соҳа ходимлари учун муносиб хизмат шароитларини яратиш билан бирга, туман ҳудудида хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Янги бинода ходимларнинг кундалик хизмат фаолиятини самарали ташкил этиши, зарур ҳолатларда тезкор ҳаракатланиши учун тегишли шароитлар яратилган. Замонавий инфратузилма соҳа вакилларининг хизмат вазифаларини сифатли бажариши, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик даражасини ошириш ва аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати — хизмат ходимларига янги махсус автомашиналарнинг топширилгани бўлди.
Замонавий махсус техникалар фавқулодда вазиятлар содир бўлган жойга тезкор етиб бориш, зарур қутқарув ишларини амалга ошириш, фавқулодда ҳолатлар оқибатларини қисқа муддатларда бартараф этиш ва аҳолига амалий ёрдам кўрсатишда муҳим воситадир.
Тадбир давомида соҳа фахрийлари ва тажрибали ходимларнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Зеро, йиллар давомида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаётини асраб қолиш ва оғир вазиятларда фидойилик кўрсатиш фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларидан юксак масъулият ва жасоратни талаб этади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари янги бино ва унда яратилган шарт-шароитлар, хизмат техникаси ҳамда ходимларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









